Жамият | 16:59 / 06.01.2016
6193
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Ажойиб математика” фестивали бошланди

2016 йилнинг 6-8 январь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) томонидан “Ажойиб математика” (Touch Math) фестивали ташкил этилмоқда. Мазкур фестивалда нафақат ўқитувчилар ва мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, балки барча математика фани билан қизиқувчилар ҳам иштирок этишлари мумкин.

Фестиваль болаларда математика фанига бўлган қизиқишни турли хил интеллектуал-қизиқарли ўйинлар, машқлар, викторина ва машғулотлар орқали ошириши кутилмоқда.
Фестиваль ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга Жанубий Кореядан 20 нафар энг зўр ўқитувчилар, профессор ва педагоглар ташриф буюришган.

Улар математика фанини қизиқарли ва янги услубларда ўқитиш бўйича маҳаллий ўқитувчилар билан ўз тажрибалари билан алмашиш имконига эга бўладилар. Фестивалда IUT да таҳсил олаётган 70 нафар талаба ҳам кўнгилли сифатида иштирок этишади.

Фестивалнинг фахрий меҳмони, Жанубий Кореянинг Инҳа университети профессори Хун Чанг, гиперкуб ва кундалик ҳаётимиздаги математика тўғрисида бир нечта маърузалар ўқиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбирда мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари учун турли танловлар ўтказиш, танлов ғолибларига эсдалик совғалари бериш режалаштирилган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, маҳаллий мактаб ўқитувчилари учун IUT ва Жанубий Кореянинг Инҳа университети томонидан алгебра, геометрия ва мантиқдан машқлар тўплами ўрин олган китоблар совға сифатида берилади.

IUTнинг профессори Парк Женам: «Баъзи одамларга математика зерикарли фандек туюлиши мумкин. Мазкур фестиваль бу фикр нотўғри эканлигини ва математика қизиқарли бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Биз бундай тадбирлар орқали болаларнинг математика фанига бўлган қизиқишини янада оширмоқчимиз».

7 январь куни фестиваль доирасида IUT томонидан ташкил этилган мактаб, коллеж ва лицей ўқитувчилари ўртасидаги математика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Танлов шартларига кўра, мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларида математика фанидан дарс бераётган ўқитувчилар университет томонидан тақдим қилинган вазифаларни инглиз тилида ечишлари керак эди.

Танловда дастлабки учта ўринни эгаллаган ўқитувчи қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Энг истеъдодли танлов иштирокчилари Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида магистратура ва докторантура йўналишларида ўқишни давом эттириш ва ўз малакаларини ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.


Шунингдек, фестивалнинг икки куни мобайнида, яъни 7-8 январь кунлари соат 10 дан 11 га қадар 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун “Дастурлаш соати” бўлиб ўтади. Унда болалар визуал дастурлаш тили - Scratch ёрдамида яратиладиган ўйинлар бўйича битта бепул дарсда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Гулноза Қосимова, ЎзДЖТУ талабаси