Фан-техника | 19:21 / 06.01.2016
6327
2 дақиқада ўқилади

Volkswagen XXI аср Microbus`ини намойиш қилди

Volkswagen компанияси Лас-Вегасдаги CES электроника кўргазмасида ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқарилган Microbus`нинг янги намунасини тақдим этди.

Прототип асосида элекрокарлар ва зарядланувчи гибридлар учун махсус ишлаб чиқилган янги MEB модуль архитектураси ётади. Budd-e концепткарининг узунлиги 4597, кенглиги 1940, баландлиги 3151 миллиметрни ташкил этади. Ғилдираклар базасининг ҳажми 3151 миллиметрга тенг.

Автомобиль ёруғлик диодли асосий чироқ, 21 дюймли алюмин ғилдирак диски ва том қисмида қуёш батареясига эга бўлди.

Автомобиль вазифалари улкан сенсорли дисплей, шунингдек, имо-ишоралар орқали бошқарилади. Бундан ташқари, прототипга овозли буйруқларни пайқайдиган такомиллаштирилган тизим ўрнатилган бўлиб, “Hello Budd-e” жумласи билан фаоллашади. Унинг ёрдамида, масалан, овозли буйруқ билан машинани бир оз иситиш мумкин.

Volkswagen Budd-e 101 киловатт-соат сиғимли аккумулятор жамланмаси, олд ва орқа ўқни ҳаракатлантириш учун 135 ва 170 от кучига эга иккита электромотор билан таъминланган. Соатига 96 километр тезликка чиқиши учун 6,9 сония талаб этилади. Энг юқори тезлик эса соатига 180 километрни ташкил этади. Бир марталик қувват билан 533 километр масофани босиб ўтади. 80 фоизлик қувватни олиш учун эса 30 дақиқа талаб этилади.

Autocar нашри маълумотига кўра, Budd-e 2018 йилда ишлаб чиқариладиган серияли электр компактвэнининг ўринбосари ҳисобланади.