Жамият | 15:56 / 11.01.2016
7037
1 дақиқада ўқилади

Белгородда шифокор билан муштлашувдан сўнг бемор оламдан ўтган шифохонанинг бош шифокори ишдан бўшатилди

Россиянинг Белгород шаҳридаги 2-рақамли шифохона бош шифокори Владимир Луценко эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Белгород расмий сайти орқали хабар қилинишича, унинг бошчилигидаги муассасада бемор шифокор томонидан ўлдириб қўйилгани бунга сабаб бўлган.

Илгарироқ интернетда шифохонада олинган видеоролик пайдо бўлган эди. Унда кўринишича, шифокор бемор кўрикдан ўтказилаётган хонага бостириб кириб, уни бир зарба билан йиқитган, сўнг хастанинг шеригини калтаклаган. Зарба еб йиқилган бемор шу билан ўрнидан турмаган.

Айни пайтда шифохонада тиббий ёрдам кўрсатиш, меҳнат мажбуриятларини бажариш ва бошқа масалаларда федерал қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширув ишлари ўтказилмоқда.