Жамият | 08:03 / 15.01.2016
4401
4 дақиқада ўқилади

Бавариялик сиёсатчи 1800 нафар қочқинни қабул қилиб, қолганларини Меркелнинг олдига юборди

Бавариялик сиёсатчи, Ландсхут шаҳри маъмурияти раҳбари Петер Драйер мамлакат канцлери Ангела Меркелга муҳожирларга тўла бўлган автобусни жўнатган. Бу ҳақида 14 январь куни Die Welt хабар қилди.

“Драйер округда рўй бераётган воқеаларга жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи. У бу билан токи рўй берган инқироз таъсирини Меркелнинг ўзи ҳис қилмас экан, ҳеч нарса ўзгармаслиги амалда кўрсатиб бермоқчи”, — деб ёзади Die Welt нашри, сиёсатчига яқин манбадан олинган маълумотларга асосланган ҳолда.

Нашриёт томонидан тақдим этилган кадрларда ўнлаб кишилар Германия пойтахтигача бўлган 550 километр масофани босиб ўтиш учун полиция назорати остида автобусга чиқаётганини кўриш мумкин.

Қочқинларни чиқариб юбориш аввалдан режалаштирилган эди: депутат канцлерга 2015 йилнинг октябрь ойида шундай қадам билан таҳдид қилган. “Агар Германия миллион қочқинни қабул қилса, математик ҳисобга кўра, менинг округимда уларнинг сони 1800 нафар бўлади. Мен уларни қабул қиламан, бироқ кўпроқ бўлса, уларни офисингизга юбораман”, - деган эди у Ангела Меркелга телефондаги суҳбат чоғида.

Бавария федерал ер бўлиб, у орқали кўплаб қочқинлар Германия ҳудудига келиб тушади.

Христиан ижтимоий уюшмаси партиясидаги Меркелнинг иттифоқдошлари уни мамлакатга келаётган муҳожирлар сонини чегаралашга чақиришган эди. Канцлер бундай қадамга розилик бермаган, уни бажариш имконсизлигини айтган.

Муҳожирлик бўйича халқаро ташкилот маълумотларига кўра, 2015 йилда Европа ҳудудига бир миллиондан ортиқ муҳожир келган. 800 мингдан ортиқ киши Греция ва Туркия орқали келган бўлиб, улардан 455 минг нафари суриялик ва 186 минг нафари афғонлардан иборат.

Денгизда юз берган ҳалокатлар натижасида деярли 3,7 минг муҳожир ҳалок бўлган. Ўтган йил билан таққосланганда, мажбурий кўчувчилар сони тўрт марта ошди. Европага асосан Сурия, Ироқ, Ливия ва Афғонистон каби уруш кетаётган мамлкатлардан қочоқлар келишга интилади.

Аввал муҳожирларни қабул қилган бир қатор ЕИ мамлакатлари лимит тугаганини эълон қилишган, хусусан Швеция ҳукумати мамлакат бошқа муҳожирларни сиғдира олмаслигини маълум қилган ва уларга энг кўп муҳожир қабул қилган Германияда қолишни маслаҳат берган. 14 декабрда Берлин қочоқлар оқимини камайтириш чораларини қўллашга қарор қабул қилгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, янги йил оқшоми куни Кёльн шаҳрида яшовчи одамлар ва кёльнлик хотин-қизларга муҳожир ва қочқинлар томонидан оммавий ҳужумлар уюштирилган. Полициячилар хабарига кўра, шу пайтгача ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шаҳвоний зўравонлик қурбонларига айланган 600 нафар немис хотин-қизларидан аризалар келиб тушган.

Ушбу воқеалардан кейин бутун Германия бўйлаб мусулмон давлатларидан келган кишиларга ҳужумлар уюштирилиши ҳолатлари қайд этилган. Германия фуқаролари, шунингдек, оммавий норозилик намойишлари билан чиқишлар қилди. Юқоридаги каби жиноятлар Германиянинг Гамбург, Штатгар, Берлин сингари шаҳарларида ҳам рўй бергани хабар қилинмоқда.

Январь ойида ўтказилган сўровномалар хулосасига кўра, айни вақтда Германия аҳолисининг 60 фоизи қочқинларнинг янги оқимини қабул қилишга қарши фикр билдиришган.