Жамият | 21:17 / 18.01.2016
3546
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Берлиндаги "Яшил ҳафта — 2016" халқаро кўргазмасида иштирок этди

15 январь куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида озиқ-овқат саноати, қишлоқ, ўрмон ва боғдорчилик хўжалиги маҳсулотлари намойиш этиладиган дунёнинг энг йирик кўргазмаси - “Яшил ҳафта-2016" иш бошлади.

Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Кўргазманинг биринчи куниёқ Ўзбекистон стендига юзлаб одамлар келди. Улар орасида соҳа мутахассислари ва Берлинда яшовчи фуқаролар бор эди. Меҳмонлар Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларининг сифати ва таъмига баҳо бериш ҳамда ўзбек виноси ва коньякларини дегустация қилиш имконига эга бўлишган.

Меҳмонлар катта қизиқиш билан бой ўзбек тарихи ва маданияти ҳақидаги маълумот билан танишишган. Шу билан бир вақтда улар замонавий Ўзбекистон ҳаёти, ривожланиши ва бой саёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот олишган. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга бориш хоҳиши пайдо бўлганлигини билдиришган.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг Берлиндаги мухбири М.Бобоназаров ушбу кўргазмадан тайёрлаган суратларни тақдим этди.