Жамият | 15:37 / 14.02.2016
21746
2 дақиқада ўқилади

Актёр Ҳусан Шарипов Ғафур Ғуломдан нега тарсаки еганди?

Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов “Даракчи” газетасига берган интервьюсида ўзбек адабиётининг йирик вакили, ёзувчи Ғафур Ғуломдан тарсаки егани ҳақидаги воқеани эслаб ўтди.

Актёр болалигида жуда шўх бўлганини таъкидлар экан, “8 синфга ўтганимизда, йигит-қизлар бир синфда ўқийдиган бўлдик. Ўша кундан бошлаб, шўхлигим ва сўзамоллигим чегараланади. Олдимдаги партада ўзбек адабиётининг машҳур намоёндаларидан бири Ғафур Ғуломнинг қизи Олмос Ғуломова ўтирар эди. Қизлар орасида фақат Олмос ҳар куни ҳар-хил кўйлак кийиб келарди. Қизлар уни ёлғизлати қўйишганди ва менинг ҳам синфдошларим билан тилим бир эди.

Кунларнинг бирида ярим метр келадиган сим билан Олмоснинг сочини парта ўриндиғига билдирмай боғлаб қўйдим. Бу қўпол ҳазилим билан аламимдан чиққандим. Катта танаффусда ўйнаб юрганимда новча бўйли одам “Қани у”, деб мактаб ховлисига кириб келди. Қочсам уят бўларди. Олмос кўрсатгунича айбимни тан олиб, “Мен” дедим. Ғафур Ғулом кўрсаткич бармоғи билан “Ёнимга кел”, деб ишора қилди ва чаккамга бир тарсаки туширди. Хахолаб кулсам, ҳайратланиб, “Нега куласан”, деб сўради. “Мени Ғафур Ғулом урди, у ҳамманиям уравермайдию”, деб жавоб қайтардим”, дея хотирлади.