Жамият | 21:40 / 16.02.2016
19979
6 дақиқада ўқилади

Қонунни бузмай такси ҳайдамоқчиман: лицензия неча пул, уни қаердан ва неча кунда оламан?

Нима бўлди?

Тошкент шаҳрида 15 февралдан лицензиясиз таксичилар фаолиятига чек қўйиш мақсадида Ички ишлар бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларидан иборат 47 гуруҳ рейдлар ўтказишни бошлади.

Лицензиясиз таксичиларни тутиб олишса, нима бўлади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддасига мувофиқ, йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланаётганлар энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 бараваригача (16 февраль ҳолатига кўра, 2,6 миллион сўмдан 13 миллион сўмгача), юридик шахслар эса 50 бараваридан 150 бараваригача (16 февраль ҳолатига кўра, 6,51 миллион сўмдан 19,53 миллион сўмгача) миқдорда жаримага тортилади. Агар бу ҳолат такрорланса, Жиноят кодексининг 190-моддаси бўйича энг кам иш ҳақининг 25 бараваридан 75 бараваригача (16 февраль ҳолатига кўра, 3,25 миллион сўмдан 9,76 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқ (масалан, ҳайдовчилик гувоҳномаси)дан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Лицензия кимларга берилади?

Шаҳарда ва шаҳар атрофида юк ташийдиган такси фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган, масалан, «Газел» юк машинаси бор киши Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментига паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси билан бориб, юк кўтариш қувватига қараб 50 доллардан 100 долларгача бўлган божни (Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича, албатта) тўласа бўлди — беш йил амал қиладиган лицензия тайёр. Бироқ бу, яна қайд этамиз, юк ташийдиган такси учун.

Ўз Matiz’и ёки Nexia’сида йўловчи ташимоқчи бўлганларнинг иши бироз мураккаб. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигидан «Дарё»га маълум қилишларича, йўловчи ташишга мўлжалланган йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчи бирорта такси корхонаси (юридик шахс)га мурожаат қилиб, ўз автомобилини шартнома асосида (нотариус орқали) шу корхонага ижарага бериши керак. Шундан сўнг автомобиль таксилар учун хос ягона таниш белгилари билан тўлиқ жиҳозланади.

Йўналишсиз таксининг ягона таниш белгилари нима?

Ўзбекистон ҳукуматининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ягона таниш белгилари иккига — ташқи ва ички маълумот берувчиларга бўлинади. Ташқи маълумот берувчи белгилар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • машинанинг тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга TAXI таниш белгисини ўрнатиш;
  • шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва машинанинг олдинги эшикларидаги «Т» ҳарфлари;
  • машинанинг олдинги эшикларидаги такси корхонаси (юридик шахс)нинг номи;
  • йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги давлат рақами белгиси;
  • фақат Тошкент шаҳри учун — машинанинг «фил суяги» рангига бўялиши (бошқа барча жойда автомобиль сариқ рангга бўялади).

Ички маълумот белгиларига эса қуйидагилар киради:

  • олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли чироқ;
  • машинанинг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмда), такси корхонасининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумот кўрсатилган маълумотлар табличкаси;
  • ҳисоблагич (таксометр);
  • белгиланган тартибда сотиб олинадиган ва фойдаланиладиган радиоалоқа воситаси.

Лицензия учун неча пул тўланиши керак?

Такси корхонаси беш йил муддатга лицензия олади (атиги битта энг кам иш ҳақи миқдорида пул тўлаб). Лекин ўзи ижарага олган (ёки ижарага берган) ҳар бир автомобиль учун бир йилга — агар машинадаги ўринлар сони тўрттагача бўлса — 75 АҚШ доллари, агар тўрт ўриндан кўп бўлса — 125 доллардан бож тўлайди (Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича). Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, такси корхонасидаги битта автомобиль — битта лицензия карточкаси, дегани.

Лицензия карточкаси?! У нима?

Лицензия билан бирга ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси берилади — такси корхонасининг ҳар бир автомобилида лицензия карточкаси бўлиши шарт. Ҳайдовчининг лицензия карточкаси билан таъминланмаган автомобилдан фойдаланган ҳолда олган даромади (фойдаси) ноқонуний ҳисобланади.

Лицензия ва лицензия карточкаси неча кунда берилади?

Такси корхонасига лицензия бериш ҳақидаги қарор Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан, ариза берилганидан кейинги 15 кун ичида қабул қилиниши керак. Қарор қабул қилинганидан кейин 3 кун ичида такси корхонаси хабардор қилинади. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, навбатдаги уч ой ичида лицензия шартномаси имзоланади, такси корхонасига лицензия ҳамда лицензия карточкалари тақдим этилади (лицензия олгунча бўлган муносабатлар схемасини бу ерда томоша қилиш мумкин). Агар такси корхонаси янги машиналарни сотиб олса ёки ижарага олса, яна 75 (ёки 125) доллар тўлаб (эсдан чиқмасин, Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича), қўшимча лицензия карточкасини олади.

Манба: Daryo.uz