Жаҳон | 00:30 / 20.02.2016
6970
2 дақиқада ўқилади

FT: Туркия ва Саудия Арабистони Сурияга қўшин олиб кириши мумкин

АҚШ Туркия ва Саудия Арабистонини Суриядаги ҳарбий операцияни ўтказишдан қайтариш йўлларини қидирмоқда, деб хабар бермоқда Financial Times нашри.

Нашрнинг ёзишича, НАТОнинг кўпчилик давлатлари учун альянсга аъзо давлатнинг Сурияга қўшин олиб кириши мумкинлиги хавотирли кўринмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирча Анқара ва Ар-Риёд Вашингтоннинг маъқулловисиз қўшин олиб киришдан хавфсирамоқда, бироқ улар АҚШ Россия ҳаракатига қарши турмаётгани ва баъзи ҳаракатларни амалга ошираётганидан аччиқлари келмоқда.

Туркия Сурия билан чегарасида бир неча километрлик буфер зона яратмоқчи. Бу Анқарага суриялик курдларнинг ҳаракатланишини назорат қилишга имкон беради. Бундан ташқари, Туркия ўз ҳудуди орқали Сурияга жангариларнинг ўтишини таъминламоқда.

Саудия Арабистони ҳам минтақадаги таъсирини йўқотаётгандан ташвишланмоқда. Ар-Риёд Эронни ушлаб туриш учун 34 та давлатдан иборат ислом давлатлари коалициясини тузди.

Баъзи экспертларнинг фикрича, Саудия Арабистони Суриянинг жануби-шарқида ҳарбий ҳаракатлар амалга оширишни қарамоқда. Суриянинг бу ҳудуди Иордания билан чегарадош бўлиб, ҳарбий операцияда Иордания ҳам иштирок этиши мумкин. Бироқ Ар-Риёд бундай ҳарбий операцияни фақатгина НАТО қўллаб-қувватлагандагина ўтказилиши мумкинлигини айтган.