Спорт | 12:22 / 23.02.2016
5313
2 дақиқада ўқилади

Оксана Чусовитина Бокудаги Жаҳон кубогида олтин медаль олди

2016 йилнинг 19-21 февраль кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи ўтказилди.

Дунёнинг 19 давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Оксана Чусовитина таяниб сакраш баҳсларида энг юқори баҳога лойиқ топилди ва олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатган.

Мусобақа якунида хотин-қизлар ҳамда эркаклар мусобақаларида энг юқори баллга сазовор бўлган Оксана Чусовитина ҳамда Кензо Шираи (Япония)га "AGF Trophy" кубоги тантанали суратда топширилди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубоги босқичи шу йилнинг 16-19 апрель кунлари Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналадиган нуфузли мусобақа олдидан ўзига хос тайёргарлик босқичи вазифасини ҳам ўтаб берди.

Эслатиб ўтамиз, Риода ўтказиладиган лицензион мусобақада 2008 йилги Олимпиада ўйинларининг бронза медали совриндори Антон Фокин ҳам Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилади.