Жамият | 10:34 / 27.02.2016
6319
3 дақиқада ўқилади

Марғилондаги мактаб директори 1-синфга ўқишга қабул қилиш учун 400 минг сўм пора сўради

Марғилон шаҳридаги мактаблардан бирининг директори Эрклиёр Охунбобоев мактабнинг биринчи синфидаги ўринларни сотишга урингани учун қўлга олинган

«Ҳуқуқ» газетасида ёзилишича, Марғилонда яшовчи аёл ўғлини шу шаҳардаги умумтаълим мактабларидан бирига жойлаштирмоқчи бўлди. У опаси билан бирга мактаб директорига учрашди. Директор Эрклиёр Охунбобоев уларга биринчи синфлар учун қабул тугаганини, бўш жой йўқлигини айтди. Кейин эса 100 АҚШ доллари ва 100 минг сўм эвазига бирор иложи топилиши мумкинлигини қўшимча қилади.

Опа-сингил бир неча кундан кейин яна директор ҳузурига келишган ва имкониятлари чекланганлигини айтиб, пулнинг ярмини бера олишини билдиришган. Директор бошқачароқ таклиф беради. У 200 минг сўмни ҳозир, қолган 200 минг қисминни ой охирида беришсагина, болани ўқишга қабул қилишини таъкидлайди.

У эҳтиёткорона йўл тутиб, пулни қўли билан олмайди. У опа-сингилга пулни қоровулхонадаги тўшакнинг тагига қўйишни буюради.

Лекин кейинги сафар у эҳтиёткорликни унутади. Пулнинг қолган қисмини у ўз қўли билан олади ва хонасидаги шкафга солади. Шу пайт хонага ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари ходимлари кириб келишади ва уни пора олиш устида қўлга туширишади.

Тергов вақтида директор бу пулларни мактаб эҳтиёжлари учун ишлатмоқчи бўлгани ҳақида айтади. Раҳбарнинг айби холислар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар билан тасдиқланди. Суд ҳукмига биноан тамагир директорга тегишли жазо тайинланди.

Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддасига кўра, Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.