Жаҳон | 11:04 / 04.03.2016
4135
2 дақиқада ўқилади

Конгресс Обамани ИШИДни йўқ қилишда сусткашликка йўл қўйганликда айбламоқда

АҚШ Конгрессида Барак Обамага ИШИДни яксон қилиш учун ҳарбий кучлардан фойдаланишга расмий рухсат бериш ҳақидаги баҳс-мунозаралар давом этмоқда, деб хабар беради ТАСС.

3 март куни журналистлар гуруҳи учун ташкил этилган брифингда ҳарбий кучлар масалалари бўйича Конгресс аъзолари палатаси комитети раиси республикачи Мэк Торнберри: “Оқ уйнинг терроризмга қарши курашиш масаласига жиддий қарамаётгани бу рухсатга тўсқинлик қилмоқда”,- фикрини билдирди.

“ИШИД дунё бўйлаб илдиз ёйишда, хунрезликлар қилишда давом этмоқда. Биз уларга қарши ўз ҳарбий кучларимизни ишлатишга ҳақли эканимизни яна бир бор тасдиқлашимиз керак. Лекин мени ўйлантираётган масала шуки, бизнинг бош қўмондонимиз (АҚШ президенти) ИШИДни кучсизлантириш ва яксон қилиш ваъдасини бажаришга енгил қарамоқда, у ҳатто бу ишни қандай амалга оширмоқчилиги ҳақида режасини ҳам тақдим этмади. Ўз мажбуриятларини бажаришга жиддий қарамайдиган бош қўмондонга мен қандай қилиб ҳарбий кучлардан фойдаланишга рухсат бера оламан?”, - хавотирини билдирди у.

Америкалик ҳарбийлар ИШИДга қарши ҳаво амалиётларини Ироқда 2014 йил 8 августда, Сурияда эса 22 сентябрь тунида бошлашган. АҚШ маъмурияти тасдиқлашича, уларнинг ҳозир ҳам террористларга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишга ҳуқуқлари бор. Бироқ Америка ҳукумати ушбу ҳарбий амалиётларда миллий ҳарбий кучларни хорижда ҳам қўллашга имкон берувчи Конгресснинг конституцияга мувофиқ янги қонуний дастурига суянмоқчилигини тан олди. Обама таклиф этган ушбу ҳужжатга қарши чиққанлар, унинг муваффақиятига шубҳаланмоқдалар.