Жаҳон | 20:55 / 10.03.2016
6393
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко пенсия ёшини ошириш ҳақида: "Эркак 60 ёшда ҳам ҳали отдек бўлади"

Беларусь президенти Александр Лукашенко аҳолининг барча гуруҳларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда улар учун пенсия ёшини кўтариш кераклигига ишончи комиллигини айтди. Бу ҳақда "БелТА" ахборот агентлиги хабар берди.

"Барча нарсани ҳисобга олиш лозим: эркаклар ва аёлларнинг умр кўриш давридаги фарқ, шаҳар ва қишлоқлар, баъзи соҳаларда меҳнат шароитларининг ўзига хосликлари ва бошқа омилларни ҳисобга олиш керак", деб айтди Лукашенко.

Лукашенко эътироз билдирган асосий нарса шу бўлдики, бу яшаш давомийлиги ва пенсия ёши.

Президентнинг айтишича, ўртача умр кўриш давомийлиги ўсишда давом этмоқда, пенсияга чиқиш ёши эса ҳали ҳам 90-йиллар даражасида қолмоқда.

"Шунинг учун 55-60 ёш – нормал ёш. Қани бирор аёлга 55 ёшида кампир ёки пенсионер деб кўринг-чи! Хафа бўлади! Биз сен кампир бўлмасанг, пенсионер бўлмасанг, унда бор ишла десак, унда энди бошқача муносабат билдирилади. Худди шу нарсани эркаклар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Улар хафа бўлганларини билдиришмайди, бироқ ичларида хафа бўлишади. 60 ёшда эркак битта эмас, учта плуг билан шудгор қилиш мумкин бўлган отдек бўлади – тортиб кетади", дейди президент.

Лукашенко куч тузилмалари вакиллари 45 ёшда пенсияга чиқишини унчалик тушунмаслигини ҳам айтиб ўтди.

"Ўйлайманки, агар пенсия ёшини ошириш масаласи ҳаммага бирдек жорий қилинса адолатли бўлади", дейди Лукашенко.

У ўзи икки олов – пенсия ёшини талаб қилаётган ҳукумат ҳамда бунга қарши чиқаётган аҳоли орасида қолганини таъкидлаган.

Лукашенко секин бўлса ҳам бундай ислоҳотларга аҳоли муносабати секин-асталик билан ўзгараётгани учун фуқароларни мақтаб қўйган.

"Пенсия ёшини оширишни қўллаб-қувватлаётганлар аҳолининг ярмига яқинлашиб қолди. Одамлар бизнинг таклифлар, илтимосларга секин бўлса ҳам жавоб бермоқдалар, биз уларга тушунтирганимиздан, айтганимиздан ва таклиф қилганимиздан кейин улар гап нимадалигини тушунмоқдалар. Беларуслар – ўқимишли одамлар", деб интиҳолади ўз сўзларини Лукашенко.

Лукашенко барча ташаббус ва таклифларни объектив баҳолаш ҳамда Беларусь пенсия тизими учун ўзгартиришларнинг энг оптимал вариантини танлашга чақирди.