Жамият | 15:01 / 21.03.2016
6851
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Жаҳон тиллари талабасининг чет элга ўқишга кетишига ким ёки нима тўсқинлик қиляпти?

Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети талабаси хорижга ўқишга кетиш масаласида юзага келган муаммоларини Facebook ижтимоий тармоғидаги Maslahat.uz гуруҳида ёзиб қолдирган ва фойдаланувчилардан маслаҳат сўраган.

Талаба, жумладан, шундай дейди: “Кореяга магистратурага ҳужжат топшираётган эдим. Гербли юмалоқ печат урилиши керак экан, бунинг учун ё ректор ё проректорнинг имзоси керак (юмалоқ печат учун). Имзо ва печат урилиши керак бўлган нарса шу университетда 4-босқичда ўқиётганлигим ва ўқишни июнь ойида тамомлашим ҳақида МАЪЛУМОТНОМА, холос. Проректорнинг олдига борсам, деканинг жавобгар деди, деканнинг имзоси гербли печатга асос бўлолмайди, проректорга яна юзландим, халқаро бўлимга жунатди. Халқаро бўлимдагиларга салом бериб, мақсадимни айтсам , улар шундай алик олишди: ”Нима бўлса халқаро бўлим, нима бўлса халқаро бўлим...”. Уларнинг саволи: ҳали ҳаммаси олдинда ГОСТлар бор, улардан ўтишизни билмаймизку — дейишди. Ҳамма фанларим беш, қандай ГОСТдан йиқилишим мумкин, деган саволимга баланд оҳангдаги “билмайман”, деган жавобни олдим. Деканим қўлдан келганча ёрдам қилди, лекин уларнинг имзоси гербли печатга асос бўлмайди. Хуллас, ундан бунга югур, бундан унга югур. Ҳужжат топшириш муҳлати эса 25-март. Почта етиб боришига 2 кун кетади, дам олиш кунларида почта ишламайди. Нима қилсам экан?”

Талабанинг мурожаатига гуруҳ фойдаланувчилари ўз фикрларини қолдиришган. Хусусан ушбу университет ректори Каюмов Шуҳрат шундай деган: “Ассалому аллайкум Адхам Усмонович, бу масала олдин хам бир нечта талабалар томонидан кутарилганди. Университетда фаолият курсатаётган кореялик домлаларни (жумладан Пак Да Жон) чакириб сурадим. "Нимага бунака талаб куйилаяпти Ж. Кореяликлар томонидан. Ахири талаба академик ахволи буйича декан имзоси билан деканат мухри Узбекистонда утади. Шахсан узим хам бир неча марта чет элга топширганимда деканат маълумотномаси асосида грантлар ва танловларга хужжатлар кабул килишган.

Нимага АКШ, Гарбий Европа ва Япония каби давлатларга утган маълумотнома ЖКореяга утмайди? Ахири бизга хам турли чет эл университетлардан хужжатлар келганида бир хилларда думалок, айримларда туртбурчак, айримларида эса юлдузсимон мухрлар куйилади. Герб мухир аслида факат бизда ва МДХда бор". Кореялик волонтер домла "Тушунмовчилик булибди. герб мухир булиши шарт эмас, деканатники утади" деди. Яъни Сиз каби бир нечта талаба "graduation expected" деб маълумотнома олиб кетишган. Агарда Ж.Корея элчихонада бу талаб куйилаетган булса, хабар беринг, улардан расмий суров берамиз”.