Жаҳон | 17:39 / 28.03.2016
9089
4 дақиқада ўқилади

АҚШнинг ғаройиб президентлари

АҚШдаги сайловолди кампаниялари шуни кўрсатадики, бу мамлакатда исталган киши президентлик учун нафақат ўз номзодини илгари суриши, балки бу лавозимни эгаллаши ҳам мумкин.

Айтиш мумкинки, демократия Қўшма Штатларда аввалбошданоқ ўзини намоён эта олган. Қуйида Америка тарихининг ажралмас қисмига айланган ғаройиб президентлар ҳақида баъзи маълумотларни ҳавола этилади.

Жон Тайлер (1790-1862). 1841-1845 йилларда АҚШнинг 10-президенти.

Жон Тайлер бир пайтлар АҚШ душмани сифатида эълон қилинганига қарамай, давлат раҳбарига айланишга муваффақ бўлган. Гап шундаки, Тайлер 1861 йилги фуқаролик уруши иштирокчиси бўлиб, у Жанубий конфедерацияни тузишда етакчи бўлган. Шу боис, шимолликлар уни давлат душмани деб эълон қилишган.

Гровер Кливленд (1837-1908). 1885-1889, 1893-1897 йилларда АҚШнинг 22 ва 24-президенти

Гровер Кливленд 19 аср сўнгида 2 маротаба давлат раҳбарлигига эришган. Уни машҳур қилган ишларидан бири эса, жиноятчиларни шахсан осгани ҳисобланади. Уни "ортидан осувчи" деб аташарди. Гровер бундай малакани Нью-Йорк шаҳрининг бош шерифи бўлган пайтида орттирган.

Абраҳам Линкольн (1809-1865). 1861—1865 йилларда АҚШнинг 16-президенти

Президент Абраҳам Линкольн эса, нафақат минглаб қоратанлиларни қулликдан озод этган, балки президентлиги вақтида ўлдирилган 4 нафар давлат раҳбарларидан биридир. Шунга кўра, айримлар Линкольн ўлими билан "Типпеканоэ қарғиши" (нол рақамли йиллар қарғиши) мавжудлигини исботлашга уринишади. Сирли тасодиф туфайли, 1840 йилдан 1960 йилгача бўлган, нол билан тугаган йилларда сайланган президентларнинг барчаси муддатини поёнига етказа олмаган. Улар суиқасд қурбони бўлишган.

Мартин ван Бюрен (1782-1862). 1837–1841 йилларда АҚШнинг саккизинчи президенти

Мартин ван Бюрен эса, Американинг она тили инглизча бўлмаган ягона президентидир. Ван Бюрен ҳолландлар оиласи вакили бўлиб, уйида доим ҳолландча сўзлашган. Гарчи у инглиз тилини ўрганганига қарамай, инглизчада жуда ёмон талаффузда гапирган.

Теодор Рузвельт (1858-1959). 1901-1909 йилларда АҚШнинг 26-президенти

АҚШ президенти Теодор Рузвельт овнинг ўта кетган ишқибози бўлган ва доим журналистлар қуршовида овга чиқишни хуш кўрган. У 1902 йилги шундай ов сафарларидан бирида айиқ боласини отмагач, Washington Evening Star журналистлари карикатура ишлашди. Газетада буни кўриб қолган россиялик муҳожир Моррис Мичтомнинг рафиқаси суратдагига ўхшаш ўйинчоқ айиқчани ясаб, президент шарафига “Teddy Bear” (айиқча Тедди) деб номлаган ва эрининг Нью-Йоркдаги ўйинчоқлар дўконига қўйган. Шу билан машҳур болалар ўйинчоғи пайдо бўлган.

Франклин Рузвельт (1882-1945). 1933–1941 йилларда АҚШнинг 32-президенти

Президент Франклин Рузвельт иримчи президент сифатида ном қолдирган. У 13 рақамини жуда ҳам ёмон кўрган. Шу боис, 13 қаватда ўтказилган йиғилишда ҳеч қачон қатнашмаган, ойнинг 13 санасида саёҳатга чиқмаган ва айниқса ҳузурига 13 киши келадиган бўлса зудлик билан котибини чақирган.

Жеральд Форд (1913-2006). 1974-1977 йилларда АҚШнинг 38 президенти

Ва ниҳоят, Жеральд Форд фотомодель сифатида иш бошлаган ягона президентдир. Унинг суратлари журналларда чоп этилган, бундан ташқари, Форд америкача футболнинг моҳир ўйинчиси эди. Америка футбол лигасининг етакчи жамоалари унга профессионал шартнома ҳам таклиф этишган. Шунингдек, у америкача футбол ва бокс мураббийи сифатида ҳам ишлаган. Теннис ва гольфни маҳорат билан ўйнаган.