Жамият | 19:53 / 09.04.2016
2283
4 дақиқада ўқилади

Оғир меҳнат ҳафтасидан сўнг кучларни қайта тиклашнинг 5 усули

Меҳнат ҳафтаси давомида барчамиз жуда чарчаймиз ва авваллари севимли машғулотларимизга вақтимиз ҳамда кучимиз бўлганини эслаймиз. Бундай машғулотлар инсонга завқ бағишлайди, орзулар сари етаклайди. Шу боис ижодий қувватни тўғри тақсимлаш режасини тузиш керак.

Қуйида эътиборингизга Ҳарвард, Смитсон ва Нью-Йорк университетлари муаллими Барбара Шер тажрибасидан энг эффектив усулларини ҳавола этамиз.

1. Леонардо да Винчи кундалигини тутишга одатланинг.

Ҳар бир инсоннинг миясидан миллионлаб фикр-мулоҳазалар ўтади. Агар уларни вақтида илғай олсангиз, баъзилари ҳаётингизни ўзгартириши ҳам мумкин. Ўзингиз учун чиройли кундалик сотиб олинг. Ана шундай фикрлар ёки ғоялар миянгизга келиб қолганда, уларни унутиб юбормаслик учун дарҳол кундалигингизни олиб ёзиб қўйинг. Бу сизнинг Леонардо да Винчи руҳидаги шахсий кундалик дафтарингиз бўлади. Шунда сиз истакларингизни амалга оширишни ёдда тутасиз. Кундалик сизнинг тасаввур оламингизни бойитиш ва ишларингизни режалаштириш имконини беради.

2. "Бугунги кунга қадар нималар қилишга улгурдим?"

мавзусида рўйхат тузинг. Бир варақ қоғоз олиб ҳозирга қадар бажарган ишларингиз рўйхатини тузиб чиқинг. Қўлга киритган катта ва кичик ютуқларингизни киритинг. Ажойиб фарзандлар вояга етказдингизми, бировга яхшилик қилдингизми ёки кўргазма намойиш этдингизми - барчасини ёзинг. Шунингдек бошлаб охирига етказилмаган ишлар, ташлаб кетилган ўқув курслари, хуллас, миянгизга келиб, амалга оширилмай қолган ишларингиз ҳақида яхшилаб ўйланг, фикр юритинг. Сўнг ҳар бирининг тўғрисидан бу фаолият сизга нима берганлигини ёзинг. Ушбу машғулот давомида сиз учун энг қизиғи нима бўлган?

3. Янги касбга киришиб кўринг.

Меҳнат фаолияти - барча қобилиятларни намойиш қилишнинг аъло воситасидир. Агар сизни ҳозирги иш жойингиз қониқтирмаса, бу қайси касбда ўзингизни тўлиқ намоён эта олишингизни билиб олиш учун муҳим. Тасаввур қилинг, сиз кўзлаётган касбингиз эгасисиз. Хаёлан ўзингизни ўша иш шароитида тасаввур қилинг, иш кунингиз қандай ўтишини тасвирланг. Ҳозирги замонда биринчи шахс номидан ёзинг, масалан: "Мен тасвирий санъат билан шуғулланаман. График тасвир чизаяпман. Одатдагидек соат 9 да ишга келдим. Бир соатдан сўнг лойиҳа бўйича ҳамкорлар билан учрашув бўлиб ўтади ва мен уларга ўзимнинг янги ғояларим ҳақида сўзлаб бераман".

Шу тариқа сиз бу ишдан нимани истаётганингизни англайсиз. Аслида реал ҳаётда бу қандай кечишини билиш учун шу соҳада фаолият олиб борувчи инсонлар билан фикр алмашинг.

4. Ёқтирмаган нарсаларингизни қилманг.

Берилган вақт ичида севимли ишларимиз билан шуғулланишнинг ажойиб усули бор. Энг яхши кўрган ишингизни амалга оширинг. Ёмон кўрганларингиз ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг. Орзуларингизга эришишга ҳаракат қилинг ва вақтни тўғри тақсимланг.

5. Бирор бир хоббига эга бўлинг.

Истеъдодингизни юзага чиқариш учун қизиқишларингизга бироз вақт ажратсангиз кифоя. Унга керакли нарсаларни йиғинг ва ундан тўғри фойдаланинг. Агар сиз чизишни, ёзишни, лойиҳалаштиришни яхши кўрсангиз - барча жиҳозларни бир ерга тўпланг. Ўзингизга қулай бурчак ҳосил қилинг. Шунда нимани қаерга қўйганингизни эслаб, қидириб юрмайсиз. Уларнинг барчаси хобби-бекатингизда хизматга шай.