Фан-техника | 06:31 / 09.04.2016
1954
2 дақиқада ўқилади

SpaceX компанияси Falcon 9 ракетасини денгиз платформасига муваффақиятли қўндирди

Dragon юк кемасига эга Falcon 9 ракета-ташувчиси Флорида штатидаги Канаверал бурнидаги АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасидаги космодромдан муваффақиятли фазога кўтарилди. Ракета 9 апрелда Тошкент вақти билан 01:43 да учирилди. Бундан ташқари, SpaceX биринчи марта ракетанинг биринчи поғонасини океандаги сузиб юрувчи платформага қўндира олди.

Dragon юк кемаси ер атрофи орбитасига олиб чиқилади ва у ХКСга сув, озиқ-овқат ва илмий асбобларни етказиб беради. Кеманинг ХКС билан бирлашиши 10 апрелга режалаштирилган.

Falcon 9 ракетасининг қуйи поғонасини қўндириш биринчи марта амалга оширилди. Бу 5-уриниш бўлди. Ракета Атлантика океанидаги "Албатта, мен сени ҳали ҳам севаман" деб ном олган денгиз платформасига қўндирилди.  

Ракетанинг орқага қайтарилувчи биринчи поғонаси стартдан кейин 2,5 дақиқа ўтиб ракетадан ажралди, сўнгра SpaceX мутахассислари уни платформага қўндирдилар.

Миллиардер Илон Маск компанияси Falcon 9 парвози ва қўндирилишини жонли эфирда намойиш қилишди. Трансляцияни олиб борган компания мутахассислари жараённи олқишлар ва "АҚШ" деган ҳайқириқлар билан қўллаб-қувватлаб туришди.