Спорт | 14:02 / 13.04.2016
1825
1 дақиқада ўқилади

ЎФФ «Пахтакор»нинг 3 футболчисини лицензиясидан маҳрум қилиши мумкин

Ўзбекистон футбол федерацияси (ЎФФ) тартиб интизом қўмитаси Тошкентнинг «Пахтакор» клубининг уч нафар футболчисини лицензиясини бекор қилиш огоҳлантириши билан жазога тортди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-19) бош мураббийи Жасур Абдураимовнинг билдиргисига асосан, терма жамоанинг икки нафар аъзоси Достон Иброҳимов ва Саиджамол Давлетжанов 23-30 март кунлари бўлиб ўтган йиғиндан ўзбошимчалик билан машғулотларда иштирок этмасдан кетиб қолишгани учун 1 млн. сўм миқдорида жаримага тортилишди.

Шу билан бирга ёшлар терма жамоасига номзод бўлган «Пахтакор»нинг бошқа бир аъзоси Жамшид Юсуповга терма жамоанинг бир қатор йиғинларига 2-3 кунга сабабсиз кечикиб келганлиги учун 500 минг сўм миқдорида жарима солинди.

Жарималар кор қилмаган тақдирда Достон Иброҳимов, Саиджамол Давлетжанов ва Жамшид Юсуповлар муайян муддатга футболчилик лицензиясидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.