Ўзбекистон | 10:02 / 16.04.2016
2483
2 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув тўловчи учун чегирма борми?

Ёзги мавсумда иссиқ сув жумрагидан соатлаб совуқ сув келади ва сув исигунига қадар анчаси беҳуда оқиб кетади. Натижада ҳисоб-китоб вақтида ҳам ортиқча тўлашга тўғри келиб қолади. Бундай ҳолатда оқиб кетган сувлар учун бирор бир чегирма бор-йўқлиги ҳақида “Тошиссиққуввати” ИЧБ УК бош директори Б.Курбанбеков айтиб ўтган. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

— Ёз фаслида иситиш тизими учун алоҳида ҳисоб-китоб юритиш тартиби мавжуд эмас. Қиш фаслида иситиш мавсумида сув айланувчи (циркуляцион) яроқли қувурлар линиясида муаммо бўлмаслиги лозим, бироқ айрим турар-жой биноларида сув айланиш линияси йўқ ва бу ҳолат ХУЖМШ томонидан тикланиши жоиз. Ёзги мавсумда эса циркулация ишламайди, бир қувурдан сув ҳайдаш тўхтаганда, айниқса, тунги ва тонги вақтда сувнинг туриб қолиши ва совиши ҳолати кузатилади, — деди Б.Курбанбеков.

Унинг қўшимча қилишича, “бу борада “Тошиссиққуввати” ИЧБ УК “Тошиссиқэлектрлойиҳа” ОАЖга иситиш мавсумлари оралиғида сувнинг совиши ҳолатини ҳисоблаш бўйича мурожаат қилган эди. “Тошиссиқэлектрлойиҳа” АЖ маълумотига кўра, 2004 йил августдан иситиш мавсумлари оралиғида ҳисоблагичлар ўрнатилган аҳоли турар жойларида истеъмол қилинган иссиқ сувнинг ўртача 6 фоизи совийди, деб топилмоқда. Ушбу коэффициент дастурга киритилган ҳамда иситиш мавсумлари оралиғида аҳолидан олинадиган иссиқ сув тўловида фақат ҳисоблагичлари бор хонадонлардан автоматик равишда қайта ҳисобланади.