Спорт | 12:32 / 18.04.2016
1917
2 дақиқада ўқилади

Неймар «Валенсия» ҳимоячиси Барраганга тарсаки туширгани учун дисквалификация қилиниши мумкин

«Барселона» ҳужумчиси Неймар Испания чемпионатининг 33-турида «Валенсия»га қарши учрашувда (1:2) рақиблар ҳимоячиси Антонио Барраганнинг юз қисмига шапатилагани учун дисквалификация қилиниш хавфи остида қолмоқда.

Goal.com нашри хабарига кўра, ҳакам ҳуштаги чалингач, Барраган ўз шериклари билан ғалабани нишонлашга киришгач, Неймар ортдан келган ва футбочлининг бўйнига кафти билан урган. Барраган унга жавоб қайтармоқчи бўлган, аммо уни шериклари бу аҳдидан қайтариб, уни бразилиялик футболчининг ёнидан олиб кетишган.

Ўйин ҳаками бу вазиятни кўрмай қолган, аммо ўйиннинг видеоёзувларини кўриб чиқиш орқали постфактум тарзида Неймарга дисквалификация қўлланиши мумкин.

Қайд этиш керакки, Неймар ва Барраганнинг таранг муносабатлари Испания Кубоги ярим финал дастлабки баҳсида, «Барселона» 7:0 ҳисобида «Валенсия»дан устун келганида вужудга келганди. Ўшанда Неймар испаниялик ҳимоячига ундан 10 баробар кўпроқ даромад олишини айтиб, унинг устидан кулган эди.