Спорт | 12:50 / 19.04.2016
2115
2 дақиқада ўқилади

Сардор Рашидов ўз жамоаси билан Қатар вице-чемпиони бўлди

Футбол бўйича Қатар Юлдузлар Лигасида 2015—2016 йилги мавсум якунланди. Мавсум якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Сардор Рашидов тўп сураётган «Ал-Жаиш» клуби кумуш медаль соҳибига айланган. Бу ҳақда Championat.asia хабар берди.

«Ал-Жаиш» сўнгги турда «Ас-Садд» меҳмони бўлиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Мавсум якунига кўра «Ал-Жаиш» 48, «Ас-Садд» эса 47 очко жамғарди.

«Ар-Райян» жамоаси муддатидан олдин Қатар чемпионлигини қўлга киритганди. Бу жамоа 62 очко тўплашга эришди.

Кумуш медаль масаласи ҳал этилган сўнгги турда Сардор Рашидов майдонга тушмаган. Иккинчи ўрин учун кечган муҳим баҳсда «Ас-Садд»нинг испаниялик легионери Хави 90 дақиқа давомида майдонда ҳаракатланган.

Маълумот учун, Сардор Рашидов «Ал-Жаиш» сафида жорий мавсум 23та ўйинда иштирок этиб, 9та гол уришга эришди. У 2015 йилнинг ёзида «Бунёдкор»дан «Ал-Жаиш» сафига 2 100 000 АҚШ доллари эвазига ўтиб, 3 йиллик шартномага имзо чекканди.

Қатар Юлдузлар Лигасида тўп сурадиган яна бир ўзбекистонлик футболчи Санжар Турсунов ўз жамоаси «Умм Салал» билан 5-ўринни қўлга киритди. Турсунов жамоаси билан 11та ўйинда иштирок этган.