Жаҳон | 19:21 / 21.04.2016
2070
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: Россия югурдаги бўлишни истамаймиз

Беларусь президенти Александр Лукашенконинг баёнотига кўра, Россиядагилар, беларуслар русларнинг югурдаги бўлишни хоҳламаётганларини тўғри тушунишлари лозим. Буни Минск Москвадан юз ўгириш ниятида, дея тушунмаслик керак, деб қайд этган Лукашенко.

Бу ҳақда давлат раҳбари Александр Лукашенко Миллий кенгашга мурожаатида маълум қилган, деб хабар қилмоқда «БелТА» агентлиги.

«Мен россияликлар, айниқса Россия раҳбарияти, биз уларнинг югурдаги бўлмаслигимизни яхши тушунишларини хоҳлардим. Биз — сиз билан бир уйда, аммо алоҳида хонадонда истиқомат қилаётган мустақил, суверен давлатмиз. Катта бўлмаган, кичкина, аммо ўзимизнинг хонадонда. Аслида, бу сўзларни Россиянинг ҳозирги президенти ҳам таъкидлайди», — дея Лукашенко сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги.

«Қаёққа ҳам буриламиз? Биз, оға-инилармиз, — деб давом этган президент. — Бу тарих белгилаб берган воқеликдир».
Миллий кенгашга мурожаат қилган Беларусь президенти инқироз мавзусига ҳам тўхталиб, 2016 йили мамлакат иқтисодиётига анча қийин бўлишидан огоҳлантирган.

Лукашенко шунингдек, 2002 йилдан пенсия ёшини 63 ёшга ўзгартириш тўғрисидаги қарорга хотиржам ёндашишга чақирган.