Жамият | 00:25 / 21.04.2016
5455
2 дақиқада ўқилади

Юм-юм йиғлаётган 5 ёшли ҳинд қизчалари турмушга берилаётгани видеоси пайдо бўлди

Ҳиндистонда қонунларга зид равишда, қадимги анъаналарга содиқ қолган ҳолда болаларни никоҳлаб қўйиш давом этмоқда. 

Интернетда Ҳиндистоннинг Ражастон штатида ўтказилган бундай оммавий никоҳ маросими видеоси пайдо бўлди. Бу штатда болалар ўртасида никоҳ қуриш тез-тез учраб туради.

Видео 16-17 апрель кунлари суратга олинган. Икки кун ичида 6 та боланинг никоҳи ўтказилган.

Бу вақтда Ҳиндистон қишлоқ жойларида бундай никоҳлар учун ижобий ҳисобланадиган фестиваль бўлиб ўтган.

Видеодаги қизчаларнинг кўпчилиги 5 ёш атрофида бўлиб, уларни ўсмир ўғил болаларга турмушга бераётганларида уларнинг юм-юм йиғлашаётгани тасвирланган.

Айни вақтда полиция видеодаги болаларнинг шахсини аниқламоқда. Ўз фарзандларини зўравонлик билан турмуш қуришга мажбурлаган ота-оналарга қарши жиноий иш қўзғатилди. Бироқ уларнинг барчаси ҳозир қочқинликда юрибди.

"Биз уларни топишимиз биланоқ уларнинг фарзандлари никоҳлари ноқонуний деб топилади ва суд уларга қарши қатъий чоралар кўради", деб айтди аҳоли пункти раҳбари.

Ҳиндистонда никоҳ қуриш расмий ёши қизлар учун 18 ёш, йигитлар учун эса 21 ёш қилиб белгиланган. Бироқ ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ҳиндистон болалар ўртасида никоҳ қуриш сони бўйича дунёда 3-ўринда туради.