Жамият | 22:07 / 25.04.2016
3047
2 дақиқада ўқилади

Дубайда энг катта усти ёпиқ кўнгилочар боғ қурилмоқда

Дубайда жорий йилнинг августида дунёнинг энг катта усти ёпиқ кўнгилочар боғига айланувчи “IMG саргузаштлар дунёси” очилади. Бу ҳақида The National нашри Ilyas & Mustafa Galadari “IMG” қурувчи компаниясининг хабарига асосланиб маълум қилади

Усти ёпиқ боғда 20та аттракцион, жумладан, “Динозаврларнинг йўқолган олами”, Marvel, Cartoon Network брендларидан эса бошқа бир қатор кўнгилочар майдонлар барпо этилмоқда. Боғ майдони 140 минг квадрат метрни ташкил этиб, бу ерда кунига 20 мингга яқин инсонни қабул қилиш режалаштирилган. Боғга асос солганлар бир йил ичида 4,5 миллион атрофида меҳмон ташриф буюришини мақсад қилишган. Боғга кириш чипталари катталар учун – 300 дирхам (80 доллар), болалар учун – 250 дирхам (70 доллар)ни ташкил қилади.

Боғнинг қурилиш лойиҳаси қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Мазкур боғ аслида 2014 йилда очилиши режалаштирилган эди, бироқ ташкилотчилар 2013 йил Эронда содир бўлган зилзиладан сўнг лойиҳа шартларига ўзгартириш киритиб, ишни кейинга қолдирган эди.

Нашрнинг қайд этишича, “IMG саргузаштлар дунёси” жуда қиммат турувчи бошқа бир лойиҳа - Dubai Parks & Resorts очилишидан икки ой аввал иш бошлайди. Dubai Parks & Resorts майдони 2,3 миллион квадрат метр бўлиб, унга 2,7 миллиард доллар миқдорида пул сарфланган.

Янги кўнгилочар боғларнинг очилиши натижасида Дубай ўз сайёҳлари сонини 2020 йилга келиб, 20 миллионга оширишни мақсад қилган. 2015 йилда Дубайга 13,2 миллионга яқин киши ташриф буюрган.