Фан-техника | 18:57 / 26.04.2016
13526
4 дақиқада ўқилади

Махсус репортаж: Японларни лол қолдирган ўзбек нотиғи

Куни кеча Токио шаҳрида чет эл элчихонаси ходимлари ва чет элликлар ўртасида 19-маротаба ўтказилган "Япон тилида нотиқлик санъати" танловининг ғолибига айланган ўзбекистонлик талаба ҳақида хабар берган эдик. Бугун эса сизлар учун ушбу иқтидорли ҳамюртимиз ҳақида тайёрлаган махсус репортажимизни ҳавола этамиз.

Танишинг: Эргашев Фахриддин Нуриддин ўғли. 1991 йил, 7 августда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. 2007 йил Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 203-ўрта мактабни қизил шаҳодатнома билан битириб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейига имтиёзли равишда қабул қилинган. Япон, немис, рус, инглиз тилларини мукаммал билади.

Геманияда олинган маҳорат дарслари
2009 йил Тошкентдаги Гёте институти томонидан ўтказилган имтиҳонда катнашиб, грант асосида Германиянинг Берлин шаҳрида немис тили ёзги ўқув курсида бир ой таҳсил олиш имкониятини қўлга киритади.

Олий ўқув юртида ўтган йиллар
2010-2014 йиллар давомида Тошкент Давлат шарқшунослик институтининг япон филологияси йўналишида таҳсил олди. Шу давр мобайнида Ўзбекистон миқёсида 2013 йил Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўрта Осиё миқёсидаги япон тили нотиқлик санъати танловларида иштирок этиб келди.

Таржимонлик борасидаги тажриба
Талабалик чоғида турли хил халқаро анжуманлар, тадбирларга ташриф буюриб, чет эллик меҳмонларга таржимонлик қилди. Археологлар, муҳандислар, журналистлар, телеоператорларга таржимонлик қилиб, Орол бўйи давлатлари, Жанубий Сурхондарё, Андижон водийси, Самарқанд, Хива каби масканларда хорижлик меҳмонлар билан бирга саёҳатда бўлди.

Япония магистратура босқичи учун ўз эшикларини очди
Институтнинг 4-босқичида ўқиб юрган кезлари Япониянинг Токио чет тиллари университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик шартномасига мувофиқ ўтказилган имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, Япония таълим, фан ва маданият вазирлиги гранти соҳибига айланди.

Ҳозирги кунда шу грант асосида Токио чет тиллари университетининг Халқаро муносабатлар йўналиши, магистратура босқичида таҳсил олмоқда.

Япониядаги қўшимча фаолият
Фахриддин Япония-Ўзбекистон жамиятида японларга ўзбек тилини ўргатади. Ҳозирда 40 га яқин турли ёшдаги японлар ўзбек тилини ўрганмоқда. Шунингдек, турли тадбирларда бошловчилик қилиб, Япония бошланғич ва ўрта мактабларига бориб, Ўзбекистон ҳақида турли тақдимотлар ўтказади.

Японларнинг юксак эътирофи
23 апрель куни Токио шаҳрида чет эл элчихонаси ходимлари ва чет элликлар ўртасида 19-маротаба "Япон тилида нотиқлик санъати" танлови бўлиб ўтди. Унда 20га яқин турли давлат элчихона вакиллари ва чет элликлар иштирок этди. Фахриддин мазкур танловда фахрли биринчи ўринни олди ва Япония Ташқи ишлар вазирининг махсус совринига сазовор бўлди.

Ҳаётдаги шиори
Қандай вазият бўлишидан қатъи назар, чин кўнгилдан меҳнат килиш. Бугунги қилинаётган меҳнат, ҳаракатлар бир кун, албатта, ўз самарасини беради

Япониядаги энг машхур сумитомо пўлат қуйиш заводига саёхат

Бошланғич мактабда презентация

Японлар уйида меҳмонда

Фужи тоғи

Япониянинг Ўзбекистондаги собик элчиси, бош вазир маслаҳатчиси ва парламент депутати Накаяма хоним билан                                                                                 

"Ҳаётимдаги энг қадрли совға - бу менинг оилам. Ота-онам ва яқинларим. Кўпчилик мени омадлисан, дейди. Лекин менинг энг катта омадим - шундай оилада туғилганим. Ота-онам мени доим қўллаб-қувватлаб, ўқишимга шароит яратишгани учун шу даражага етдим. Бу ютуғим нафақат менинг, балки оилам ва барча ўзбек халқиники, деб ҳисоблайман", - деди Фахриддин.

Феруза Авазова тайёрлади.