Спорт | 11:12 / 02.05.2016
15698
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўлда Ҳоким кубоги футбол турнири ғолиблари аниқланди

Андижон вилоятидаги барча туманларида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маҳалла ёшлари ўртасида футбол мусобақалари ўтказилмоқда.

Жойларда туман ҳокимликлари ташаббуси билан ўтказилаётган футбол турнирлари маҳаллаларда вояга етаётган кўплаб иқтидорларни кашф этяпти. Куни кеча Олтинкўлда турнирнинг туман босқичи финал ўйинлари бўлиб ўтди.

“Олтинкўл” ўйингоҳида саккизта қишлоқ фуқаролар йиғинлари - “Оразий”, “Қўштепасарой”, “Маслаҳат”, “Сувюлдуз”, “Кўмакай”, “Жалабек”, “Олтинкўл” ва “Ифтихор” жамоалари иштирокида ўтказилган финал ўйинлари катта спорт байрамига айланиб кетгани, диққатга сазовор. Стадионга кўплаб футбол ихлосмандлари йиғилдилар.

Шиддатли ўтган баҳсларнинг финалида “Оразий” ҳамда “Ифтихор” қишлоқлари ёшларидан тузилган жамоалар куч синашиб, учрашувда 1:0 ҳисобида оразийликларнинг қўли баланд келди.

Ғолиб ва совриндорларга туман ҳокимлигининг дипломлари ҳамда “Адолат” партияси туман Кенгашининг эсталик совғалари топширилди.

- Бугун якунига мусобақанинг мақсади маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, келажак авлодни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ва улар орасидан иқтидорли футболчиларни саралаб олишдан иборат,-дейди Олтинкўл туман ҳокимлиги бош мутахассиси Зафарбек Исмоилов. -Мусобақалар тумандаги мавжуд 56та маҳаллаларда ўтказилиб, ўз қишлоқ фуқаролар йиғинларида ғолиб чиққан жамоалар финал босқичига етиб келди. Энди энг иқтидорли ўйинчиларидан таркиб топган жамоамиз, вилоят босқичида туманимиз шарафини ҳимоя қилади.

 

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Мавзуга оид