Жамият | 18:55 / 03.05.2016
13388
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz сайти ходими «Олтин қалам» Миллий мукофоти соҳиби бўлди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (ЖИУ) 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда «Олтин қалам» XI Миллий мукофоти учун халқаро танлов ўтказди.

Бугун Тошкент шаҳридаги "Туркистон" саройида ғолибларни эълон қилиш ва тақдирлаш маросими ўтказилди.

Миллий мукофотининг интернет-журналистика йўналишида Kun.uz сайти ходими Элдор Асанов 3-ўринни эгаллади ва махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони ҳамда статуэткаси билан тақдирланди.

Бу йўналишда 1-ўринни "Бувайда газетаси"нинг сайти қўлга киритди. 2-ўринга эса ummat.uz сайтида эълон қилинган материаллари учун  Тошкент шаҳридаги «Тўхтабой» жоме масжиди имом хатиби  Исҳоқжон Бегматов лойиқ кўрилди.

Танловга 2015 йилнинг 31 мартидан 2016 йилнинг 31 мартигача — бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар 2016 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида ўтказилган халқаро танловда 510 нафар журналист 8500га яқин ижодий иш билан қатнашди. Улар орасидан бош миллий мукофот соҳиби, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, «Энг яхши фоторепортаж» ва «Энг яхши матбуот хизмати» йўналишларида рағбатлантирувчи мукофотлар соҳиблари аниқланди.

Мазкур номинациялар ғолиблари диплом, «Олтин қалам» статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Танловни ўтказиш, ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун маблағ Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат тижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилди.

Шунингдек, танловда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Ахборот офиси, «Ҳудудий мулоқот» (Словения), USAID’нинг Ўзбекистонда сил касаллигига қарши кураш бўйича дастури, Германия Халқ университетлари DVV International халқаро ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси рағбатлантирувчи номинацияларда ўз мукофотларини таъсис этган.

Тадбир доирасида таниқли санъат усталари, ўзбек миллий эстрадаси юлдузлари ва ёш санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.