Жаҳон | 19:13 / 03.05.2016
8804
2 дақиқада ўқилади

Жеймс Кукнинг Еndeavour кемаси қолдиқлари топилди

Тадқиқотчиларнинг ишонч билдиришларича, улар инглиз хариташуноси ва кашфиётчиси Жеймс Кукка тегишли Еndeavour кемасининг қолдиқларини топишга муваффақ бўлишган. Жеймс Кук 1770 йилда айни кема ёрдамида Австралия қирғоқларига етиб келишга мушарраф бўлган, деб хабар қилмоқда CNN телеканали.
Rhode Island Marine Archeology Project (RIMP - Род Айленд денгиз археология лойиҳаси) нотижорат ташкилоти ходимларининг баёнот беришларича, улар Ньюпорт (Род-Айленд, АҚШ) яқинида кема қолдиқларини топишган. RIMP ижрочи директори Кэти Аббасс (Kathy Abbass)нинг сўзларига кўра, Кукнинг машҳур экспедициясидан сўнг, Еndeavour’га «Лорд Сэндвич» номи берилган.
Ташкилотнинг фикрича, ушбу кема британияликлар томонидан 1778 йилда 12та кема билан бирга Род Айленд қамали чоғида Наррагансетт бўғози саёзликларида чўктириб юборилган. RIMPда маълум қилишларича, уларнинг тадқиқотчилари кема қолдиқлари бўлган 9 та жойни аниқлашган. Уларнинг бирида 5 та кема, хусусан, «Лорд Сэндвич» қолдиғи ҳам бор.
«Инқилоб вақтида Ньюпортда чўктириб юборилган 13 дона кема Америка тарихида муҳим аҳамиятга эга», — деб тадқиқотчилар фикрини келтиради BBC News. Эндиликда, денгиз археологлари қолдиқларнинг «Индевор»га тегишли қисмларини аниқлаш мақсадида жиддийроқ изланишлар ўтказиш ниятида.
Жеймс Кук 1768-1771 йиллардаги ўзининг дунё бўйлаб илк саёҳатида «Индевор» капитани бўлган.

Мавзуга оид