Жамият | 08:20 / 07.05.2016
7734
2 дақиқада ўқилади

Олимлар рассом Леонардо да Винчининг ташқи кўринишини унинг суратларидан олинган тери қолдиқлари ёрдамида тиклашмоқчи

Генетиклар ўрта асрларда ижод қилган, буюк италян рассоми Леонардо да Винчининг ташқи кўринишини у чизган суратлар ва ёзув китобчаларида сақланиб қолган тери қолдиқлари ва сочларидан олинган ДНК ёрдамида тиклашмоқчи. Бу ҳақда Sky News нашри хабар бермоқда. 

Ушбу тадқиқотни Калифорниядаги Крейг Вентер институти мутахассислари олиб боришмоқда. Олимлар ўз тадқиқотларини рассомнинг Флоренцияда сақланувчи "Сеҳргарлар ибодати" деб номланган суратини таҳлил қилишдан бошлашмоқчи. Олимларнинг айтишича, суратда рассомнинг ДНКсини олиш мумкин бўлган тери қолдиқлари сақланиб қолган бўлиши мумкин. 

Шундан кейин генетиклар олинган ДНКни рассомнинг ҳозирда яшаётган авлодлари ДНКси ҳамда рассомнинг ота-онаси деб тахмин қилинувчи жасадларнинг қолдиқларидан олинган ДНК билан солиштиришмоқчи.

Олимларнинг фикрича, иш муваффақиятли кечса, улар нафақат рассомнинг "генетик суратини", балки унинг қиёфасининг баъзи жиҳатларини ҳам тиклашлари мумкин. Бундан ташқари, рассомнинг ДНКси ҳақидаги маълумотлар олимларга рассом дафн қилинган жойни аниқ топишда ёрдам бериши мумкин.