Жамият | 07:45 / 08.05.2016
7400
1 дақиқада ўқилади

АҚШда профессор математик тенгламаси террорчиларга мактуб деб гумонланиб қўлга олинди

Пенсильвания университетининг иқтисодиёт профессори Гуидо Менцио Филадельфия аэропортида террорчиларга мактуб ёзишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Washington Post нашри хабар бермоқда.

40 ёшли, қора сочли, қорамтир танли ва антиқа хорижий талаффузга эга олим самолётда парвозини кутиш вақтида математика бўйича дифференциал тенгламани ечиш билан машғул бўлган. Унинг ёнида ўтирган аёлга бу шубҳали кўринган.

Аёл стюардессага ўзини ёмон ҳис қилаётганини ва бу рейс билан учмаслигини айтган ҳамда унга эркак кимгадир тушунарсиз нимадир ёзаётгани айтилган қоғозчани берган.

Бунинг оқибатида American Airlines авиакомпаниясининг рейси ушланди ва профессор сўроқ қилинди. Сўроқ вақтида олим италян миллатига мансуб профессор эканлиги, "унинг тушунарсиз тилдаги мактуби" эса унга лекцияда керак бўладиган оддий математик тенглама эканлиги маълум бўлди.