Иқтисодиёт | 09:43 / 17.05.2016
29621
4 дақиқада ўқилади

Россия гипермаркетлари Туркия маҳсулотларини Ўзбекистон маҳсулотларига алмаштирмоқда

Россиянинг энг йирик гипермаркетлари Ўзбекистон билан мева-сабзавотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш борасида музокара ўтказмоқда. Бу ҳақда Sputnik агентлиги "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компаниясидаги манбага асосланган ҳолда хабар берган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган мева ва сабзавотларга Россиянинг "Магнит", "Ашан", "6 соток", "Эссен" ва бошқа кўплаб йирик савдо марказлари томонидан қизиқиш тобора ортаётгани айтилган.

"Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Россияга ташрифидан сўнг россиялик тадбиркорлар ва йирик компаниялардан кўплаб талаблар келиб тушди. Улар бизга тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мева ва сабзавотларни тўғридан-тўғри етказиб бериш илтимоси билан мурожаат қилишмоқда.

Яқиндагина авиарейслар орқали "Эссен" савдо марказига 5 тонна гилос етказиб берилганини ушбу ҳамкорликнинг муваффақиятли бошланиши сифатида эътироф этиш мумкин. Яқин орада шу йўналиш бўйича яна 10 тонна гилос юборилиши режалаштирилган.", — деб таъкидлади манба.

Манбанинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Россия гипермаркетлари вакиллари билан музокаралар олиб борилмоқда. Гап 1 йиллик эмас, балки, 5-15 йиллик шартномалар имзолаш тўғрисида бормоқда.

Ўзбекистон томони Россия учун афзалликлар яратиш мақсадида, шартнома доирасида ўз маҳсулотларига мавсум давомида талабга қараб ўзгармайдиган, ягона нарх ўрнатишни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон савдо-логистика марказларида ташкил қилинаётган, мева ва сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган савдо-логистика марказлари янги транспорт схемаси асоси бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда. Ўзбекистоннинг 11та вилоятида ана шундай объектларни яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Хабарларга кўра, мева-сабзавотлар даладан бевосита савдо-логистика марказларига олиб келинади ва кейинчалик экспорт ёки тайёр маҳсулот кўринишида қайта ишланиши учун махсус камераларга жойланади. Шундан сўнг, маҳсулотлар Россиядаги ихтисослаштирилган Ўзбекистон-Россия савдо уйларига юборилади. Бу уйлардан маҳсулотлар истеъмолчи хонадони остонасигача етказиб берилиши кутилмоқда.

"Россиядаги савдо уйларида чакана ва улгуржи савдо йўлга қўйилади", дейди манба.

Ўзбекистон россиялик ҳамкорлар билан Россия ҳудудида янги савдо уйларини ташкил қилиш борасида ҳам иш олиб бормоқда. Яқин йилларда томонлар 15га яқин савдо уйларини ташкил қилишни режалаштиришган, уларнинг аксарияти Сибирь ва Узоқ Шарқда жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Россияда шунга ўхшаш 10га яқин объектлар фаолият олиб бормоқда, улар Москва, Санкт-Петербург, Барнаул, Новосибирск ва бошқа шаҳарларда жойлашган.

"Келажакда биз рақобат қилиши мумкин бўлган туркиялик ишлаб-чиқарувчилар бошқача тартибда иш кўришади. Улар ҳар бири ўзича ҳаракат қилади, рақибларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида кўпинча сунъий равишда нархни пасайтиришади. Биз эса Россия бозорига ягона фронт билан чиқамиз, маҳсулотларни йирик партияда, мунтазам равишда ва марказлашган ҳолда етказиб берамиз, шу боис улар бизга жавоб қайтара олишлари жуда қийин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бир жойда туриб қолгани йўқ, тара ва упаковка сифати, маҳсулот сертификацияси устида ишланмоқда", — деб таъкидлаган манба.