Иқтисодиёт | 21:08 / 18.05.2016
11237
4 дақиқада ўқилади

Италиянинг нефть-газ ва энергетика соҳаси вакилларини Ўзбекистон бозори қизиқтирмоқда

“Ўзэкспомарказ”да “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016” йигирманчи халқаро кўргазмаси очилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Мазкур нуфузли форум “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси ва “ITE” компаниялар гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Йигирманчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро форумда Ўзбекистон, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Чехия, Норвегия, Австрия, Швейцария, Россия, Болгария, Польша, Руминия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Умон, Индонезия, Мальта каби  давлатлардан 200 дан ортиқ компания ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

– Компаниямиз нефть-газ ва энергетика соҳалари учун турбогенераторлар ишлаб чиқариш ва ўрнатишга ихтисослашган, – дейди Италиянинг “Turboden” компанияси директори Паоло Бертуззи. – Маҳсулотларимиздан фойдаланиш энергетика самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Юксак суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистон бозори биз учун ғоят қизиқарли. Қатор халқаро молия муассасалари Ўзбекистоннинг нефть-газ ва энергетика соҳаларига сармоя киритиб, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётгани мамлакатингиз бу йўналишда катта салоҳиятга эга эканидан далолат беради.

“OGU-2016” кўргазмаси мутахассисларга нефть ва газ қазиб олиш, углеводородларни ташиш, қайта ишлаш борасида миллий ва хорижий компаниялар эришган энг сўнгги ютуқлар билан яқиндан танишиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма павильонларидан нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлашни жадаллаштириш имконини берадиган замонавий технологиялар жой олган. Жаҳоннинг етакчи нефть-газ компаниялари нефть ва газни ташиш технологиялари, нефть-газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, геодинамика, геофизика ҳамда углеводород салоҳиятига оид ишланмалар бўйича ўзлари эришган энг сўнгги ютуқларни намойиш этмоқда.

Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлаб турибди.

“OGU-2016” кўргазмаси доирасида “Uz-Prista Recycling” Ўзбекистон – Болгария қўшма корхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. “Ангрен” махсус индустриал зонасида барпо этилган мазкур корхона  мотор, тишли ғилдирак ва редукторлар учун мойлар, гидравлика суюқликлари ва битум ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Завод йилига 43 минг тонна ишлатилган техник мойни қайта ишлаш орқали 30 минг тоннагача мой ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотнинг қарийб 40 фоизи экспортга мўлжалланмоқда.

Нефть-газ форуми доирасида «Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Унда мамлакатимиз нефть-газ саноатининг бугунги ҳолати ва  ривожлантириш истиқболлари, углеводород базасини кенгайтириш омиллари, соҳадаги янги тенденциялар, Ўзбекистон нефть-газ соҳасининг сармоявий салоҳияти, бу борадаги халқаро ҳамкорлик, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари каби долзарб масалалар муҳокама этилади.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг  ўринбосари Ғ.Ибрагимов, Болгария Республикаси Бош вазири Б.Борисов сўзга чиқди.