Жаҳон | 16:37 / 19.05.2016
15016
2 дақиқада ўқилади

EgyptAir самолёти ёниб қулаётгани тасвирланган видео пайдо бўлди

Al-Jazirah телеканали томонидан интернетга EgyptAir авиакомпаниясининг Ўрта Ер денгизида ҳалокатга учраган самолётининг қулаш жараёнининг бир қисми тасвирланган видео жойлаштирилди. Видеонинг давомийлиги 17 секундни ташкил қилади ва унга кўра қоронғи осмонда учаётган самолёт ёнаётганини тахмин қилиш мумкин.

Телеканал бу ролик 19 майга ўтар кечаси Ўрта Ер денгизи ҳудудидаги кемалардан бирининг капитани томонидан тасвирга олингани ҳақида маълум қилган.

Бундан олдинроқ, Daily Mirror нашри ҳудуддаги оролларда истиқомат қилувчиларнинг самолёт радарлардан йўқолгани билан бир вақтда осмонда улкан оловли шарни кўришгани ҳақида хабар тарқатганди.

Самолёт «Шарл-де-Голль» аэропортидан Париж вақти билан 23:09 да (Тошкент вақти билан 2:09) парвоз қилган ва Қоҳирага маҳаллий вақт бўйича 3:05 (Тошкент вақти билан 06:05) да етиб келиши керак эди. У Қоҳира вақти бўйича 3:45 да радарлардан ғойиб бўлган.

Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги ҳарбийлар маҳаллий вақт билан 4:26 (Тошкент вақти билан 7:26) да EgyptAir компаниясининг ғойиб бўлган А320 самолётидан фалокат сигналларини олганини маълум қилди.

Кўп ўтмай Миср Фуқаролик авиацияси EgyptAir самолёти ҳалокатга учраганини тасдиқлади.

66 нафар йўловчининг 30 нафари Миср, шунингдек, 15 — Франция, 2 — Ироқ, бир нафардан — Буюк Британия, Бельгия, Қувайт, Саудия Арабистони, Судан, Чад, Португалия, Жазоир ва Канада фуқаролари бўлган.

Интернетда шунингдек, самолёт йўқолиши арафасида жойлашган ҳудудга қидирувчиларнинг юборилиши ва қутқарув кемаларининг ҳаракатланиш йўналишлари видеоси ҳам жойлаштирилган.