Жамият | 12:05 / 19.05.2016
16309
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги уйлардан бирининг подъездига 10 ойлик гўдак ташлаб кетилди

16 май куни Тошкент шаҳри, Учтепа туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагига 9-10 ойлик гўдак ташлаб кетилган. Бу ҳақда кеча, 18 май куни Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири маълум қилди

Бола ўша куниёқ милиция ходимлари томонидан 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасига етказилган. У ташлаб кетилганда унинг қўйнида исми ёзилган бир парча қоғоз бўлган, унда боланинг исми ёзилган – “Мустафо”.

Ҳозирда болакай ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Шифокорлар унинг соғ-саломатлигини билдиришган. Унга ҳар куни кўнгиллилар томонидан тагликлар, кийим, болалар озуқалари келтириб берилмоқда. 

Айни пайтда бола учун туғилганлик тўғрисида гувоҳнома тайёрланмоқда. 23 май куни уни болалар уйига топширилади. 

"Гўдакнинг номаълум тақдир ҳукмига ташлаб кетилиши юракларни эзади, албатта. Бироқ унга ғамхўрлик қилишга интилаётган одамларнинг кўплиги кўнгилни хотиржам қилади", дейди ҳодисани изоҳловчилардан бири.

Ушбу хабардан таъсирланган фойдаланувчиларнинг жуда кўпчилиги моддий ёрдамга тайёрлигини маълум қилган бўлса, яқинлари юз ўгирган болани боқиб олиш ташаббусини билдирганлар ҳам талайгина бўлди. 

“Мен ҳам жон деб болажонни ўғил қилиб олган бўлардим. Менинг ҳатто ҳужжатларим ҳам тайёр. Лекин, ота-онаси топилишини чин дилдан истайман! Агар яқинлари топилмаса, боқиб олишга тайёрман. У менинг фарзандларимга ука бўлади”, - дейди куюнчак фойдаланувчилардан бири.

Болани таниган ёки унинг ота-онасини билганлардан шифохона билан қуйидаги рақам орқали боғланиш сўралади: 247-30-19