Instagram’нинг заиф нуқтаси орқали аккаунтни бузиб кириш мумкин
Хавфсизлик бўйича мутахассис Арне Свиннен Instagram тармоғининг заиф нуқтасини аниқлади. Мазкур заиф нуқта орқали ижтимоий тармоқнинг тахминан 20 миллионтага тенг 4 фоиз профилларини бузиб очиш мумкин. Бу ҳақда маслаҳатчи ўз блогида маълум қилди.
Хавфсизлик муаммоси аккаунтларни вақтинчалик блоклаш тизимига бориб тақалади. Свиннен аккаунтларнинг верификация шакли фарқ қилиши ва уларнинг айримлари заиф нуқтага эга эканини аниқлади. Бу эса ёмон ниятли хакерларга аккаунтларни бузиб кириш учун замин яратади.
Мутахассиснинг айтишича, шунчаки саҳифага бириктирилган телефон рақамни ўзгартириш кўмагида 39 минг аккаунтни бузиб кириш мумкин. SMS орқали паролни ўзгартириш функцияси ёрдамида бегона аккаунтни тўлиқ бошқариш мумкин.
Шу билан бирга Арне Свиннен 1700 фойдаланувчининг электрон почтасини ўзгартиришга муваффақ бўлди.