Шоҳруххон концертининг илк кунида Асал Шодиевага севги изҳори қилди
23 майда “Истиқлол” санъат саройида хонанда Шоҳруххон концертининг илк куни бўлиб ўтди. Концертга хонанданинг ҳамкасбларидан “Божалар” гуруҳи яккахони Жаҳонгир Позилжонов, Лола Йўлдошева, Шаҳзода, Манзура Йўлдошева, актриса Асал Шодиева, Ситора Алимжонова, радиобошловчи Дилмурод Ғуломов, хонанданинг онаси Зебо Наврўзова ҳамда укаси Муҳаммадали Йўлдошев ташриф буюрди.
Концерт вақти бошланиб, зал томошабинлар билан лиқ тўлди. Декорация оддий ва ортиқча безаклардан ҳоли тарзда безатилганига гувоҳ бўлдик.
1. Концерт бошланиб, мухлислар қарсаклари остида Шоҳруххон “Мода” қўшиғини куйлаб чиқиб келди. Хонанда ушбу қўшиқни куйлаётиб сигвей билан саҳнага намоён бўлди. Айтиш жоизки, ҳали шу пайтгача бирор санъаткор саҳнага сигвей билан чиқиб келмаган эди. Қисқаси, бу хонанданинг концертни бошлаб олиш учун ўйлаб топган ноодатий топилмаси бўлди.
2. “Сўнгги қўнғироқ” қўшиғи янграб, экранда “Битирувчи 2016” титри тасвирланди. Бу концертни ҳаяжон билан кузатаётган, эртага мактабни битириш арафасида турган битирувчилар учун ёқимли туҳфа бўлгани уларнинг кайфиятидан сезилиб турди. Қўшиқ якунида раққос болалар томонидан хонандага “сирли равишда” севги мактубининг узатилиши яхши топилма бўлди.
3. “Қоракўз” шўх рақсбоп, миллий таронасига ижро этилган рақслар аввалига қовушмагандек туюлди. Аммо ижро маҳоратини кузатиш давомида биз раққослар ҳаракатларида миллий ва замонавий аэробика рақс ҳаракатларининг уйғунлиги акс топганлигига, томошабинни зериктирмаслик учун ҳатто рақс ҳаракатларигача жиддий ёндашилиб, бу борада кўплаб мухлислар аудиториясининг диди инобатга олинганлигига гувоҳ бўлдик.
4. Укаси Шуҳрат Йўлдошев билан куйланган дуэт қўшиғи ҳам мухлисларга манзур бўлди. Концертда бошловчи бўлмади. Аммо дастур давомида бош қаҳрамон - Шоҳруххон номидан ўқилган монологлар мухлислар учун кутилмаган, такрорланмас янгилик бўлди.
5. “Ошиқ бўлдим” қўшиғига саҳналаштирилган, жуфт раққослар томонидан ижро этилган нафис ва романтик рақс ҳаракатлари мухлисларни мафтун этди. Улар ижросидаги мураккаб, профессионал ёндошилган трюклар мухлислар олқишига, қийқириқларига сабаб бўлиб, ҳижрон ва висол онлари ошиқ-маъшуқлар талқинида, ҳаракатларида чиройли ифода топди. Шунингдек, саҳнада ушбу жуфтлик томонидан чизилган сурат эса балетмейстерлар томонидан ўйлаб топилган омадли топилма бўлди, десак янглишмаймиз.
6. Шоҳруххон ижоди давомида устозлар репертуарига мурожаат қилгани ҳақида сўзлаб, машҳур “Болалар” гуруҳи солисти Тоҳир Содиқовнинг хит қўшиқларидан бири бўлган “Ёғсин ёмғир тонггача” қўшиғини ижро этди.
7. Хонанда томонидан “Зўрсан” қўшиғи куйланиб, саҳнага оппоқ либосдаги Асал Шодиева раққос йигитлар қуршовида, қўғирчоқ қиёфасида чиқиб келиб, хонандага жўр бўлди. Яқинда тўйи бўлиб ўтиши кутилаётган ушбу жуфтлик томонидан ижро этилган мазкур дуэт қўшиғи мухлислар учун кутилмаган сюрприз бўлди. Қўшиқ якунида Шоҳруххон рамзий маънода “дуэтдоши”га “митти юракча”ни ҳадя этди. Хонанда томонидан қилинган ушбу ёқимли севги изҳори мухлислар олқишига сабаб бўлди.
8. Хонанда томонидан оналарга атаб куйланган қўшиққа мос равишда экранда видеоролик тақдим этилди. Қўшиқ якунида укаси Муҳаммадали томонидан саҳнага олиб чиқилган онаси Зебо Наврўзова кўзи боғлиқ ҳолда қўшиқ ижро этган ўғлининг кўзидаги тасмани ечиб, унга самимий тилаклар билдирди ва залдаги барча оналар номидан ўғлига атаб қўшиқ куйлади. Инглиз тилида куйланган “ёнимда қол” мазмунида куйланган қўшиқ айрим мухлислар кўзига ёш келтирди... Қўшиқ охирида Зебо Наврўзова ҳаяжон билан ўғлига оқ фотиҳа берди.
9. Қўшиқларнинг бирига хонанданинг онаси Зебо Наврўзова, Манзура Йўлдошева ва Асал Шодиева биргаликда рақсга тушди.
10. “Қарамаса қарамасин” қўшиғини куйлаб хонанда саҳнадан пастга тушди. Шунда мухлислар ўзи келтирган гул ва эсдалик совғаларини хонандага тақдим этишга муваффақ бўлди.
11. Концерт давомида Шоҳруххон хонанда Шаҳзодани саҳнага чақириб, унинг энг севимли хонандаси эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг, Шаҳзода ва Шоҳруххон ижросида “Алло” дуэти куйланди.
12. Концерт якунида Шоҳруххон “Юлдузлар” қўшиғини куйлади. Бундан аввал дилидаги самимий сўзлар билан мухлисларини маъжозий маънода “ўзининг юлдузлари”га қиёслаган хонанда улардан одатдагидек қўл телефонларидаги чироқларни ёқишларини сўради. Хонанданинг илтимосига кўра залда ўтирган барча мухлислар қўл телефонларидаги чироқларни ёқиб, шар ва бошқа ёнар чироқлар уйғунлигидаги бу гўзал манзара кишига кўтаринки кайфият бағишлади. Зал бир зумда чироқлардан ёришиб кетди. Қўшиқ ўртасида тақдим этилган “Андижон полка”, унга хиром этган раққосалар, хонанданинг қўшиққа мос рақс ҳаракатлари концертга янада файз улашди.
13. Айниқса “Божалар” гуруҳи йигитлари ва яккахони Жаҳонгир Позилжонов томонидан намойиш этилган кичик саҳна кўриниши ва “Бўйдоқман” шўх рақсбоп таронаси томошабинлар кайфиятини янада кўтариб юборди. Йигитлар ижросида тақдим этилган қўшиқ мусиқасига хос замонавий рақс ҳаракатлари, Жаҳонгир Позилжонов томонидан Шоҳруххонга кўрсатилган келинликка номзод қизларнинг суратлари, ҳазил аралаш айтилган “дўппини кийиб, учрашувга чиқиши шарт”и санъаткорлар томонидан қўлланган қизиқарли топилма бўлди.
Бир сўз билан айтганда концерт кутилмаган ажойиб топилмаларга бой бўлди. Зал, балкон мухлиллар билан тўлиб, бирорта ҳам бўш ўрин қолмади. Концерт давомида хонанда тўрт хил костюмда намоён бўлди. Декорация вазифасини бажарган, саҳнадаги катта экранда нур сочиб турган жилвадор ва ранг баранг чироқлар, ҳаракатдаги “эффектлар” эса ҳар бир қўшиқ мазмуни ҳамда мусиқаси тактларига хос жилваланиб турди. Бундан кўринадики, хонанда томошабиннинг асосий эътибори концерт дастури ва унда куйланадиган қўшиқларга қаратилишига кўпроқ аҳамият берган. Концерт давомида хонанда бешга яқин янги қўшиқлар куйлади. Дастур давомида қўлланган янгиликлар, кутилмаган топилмаларни ҳисобга олганда Шоҳруххоннинг жиддий тайёргарлик кўргани сезилиб турди.
Буни хонанданинг кайфияти, саҳнада ўзига бўлган кучли ишончидан, қолаверса, мухлисларнинг концердан тўлақонли қониқиш ҳосил қилганлигидан сезиб олиш мушкул бўлмади.
Агар бугун ва эртага бўлиб ўтадиган концертни ҳам худди шу кайфиятда ўтказса, ўйлаймизки, бу йилги имтиҳондан Шоҳруххон “аъло” баҳога муносиб равишда ўтади.
Мухбир: Моҳичеҳра Эшмирзаева
Фото: Муҳамедалиев Музаффар (@muzaffarshax)