Жаҳон | 20:58 / 25.05.2016
15441
2 дақиқада ўқилади

Порошенко: Савченкони қандай қайтарган бўлсак, Украинага Донбасс ва Қримни ҳам шундай қайтарамиз

Украина президенти Петро Порошенко ўз қароргоҳида учувчи Надежда Савченконинг асирликдан қутилиб ватанга қайтиши муносабати билан ташкил этилган маросим вақтида унинг қайтарилиши мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги таъминланиши йўлидаги биринчи муҳим қадамга айланиши ҳақида гапирган.

"Надеждани қандай қилиб қайтариб олиб келган бўлсак, Донбассни ҳам шундай қайтарамиз, Қримни ҳам шундай қайтарамиз, Украина суверенитетини ҳам шундай тиклаймиз", дея ваъда берган Порошенко.

Надежда Савченко 2014 йили Донбассда Россиянинг ВГТРК телеканали журналистлари Антон Волошин ва Игорь Корнелюкни ўлдиргани учун Россия ҳарбийлари томонидан асирга олинган, 2016 йилнинг мартида унга 22 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди. Бугун Россия президенти Владимир Путин уни афв этиш ҳақидаги фармонини имзолади.

Ўз навбатида Россия Федерацияси Бош разведка бошқармасининг 2015 йилнинг майида Донбассда украин ҳарбийлари томонидан асирга олинган жангчилари сержант Александр Александров ва капитан Евгений Ерофеев Порошенко томонидан афв этилган.

Натижада Украина ва Россия ўртасида асирлар алмашуви юз берди.

Айни вақтда россиялик ҳарбийлар ҳам Москвага қайтган.

Бу асирларни алмашиш бўйича келишувга 24 май куни "норманд тўртлиги" вакиллари ўртасидаги телефон мулоқоти чоғида эришилган.

2016 йилнинг 16 мартида Қрим референдум орқали Россия таркибига кирган. Лекин Украина томони бу яриморолни ўз ҳудуди сифатида билади.