Ўзбекистон | 22:37 / 31.05.2016
29119
3 дақиқада ўқилади

Эркин Воҳидов вафоти муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти таъзия билдирди

Шоир Эркин Воҳидовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев, Қонунчилик Палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ҳамда шоирлар Абдулла Орипов ва Иқболжон Мирзаалиев таъзия билдирди. Таъзиянома ЎзА томонидан нашр этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов 30 май куни 79 ёшида вафот этди.

Шоир бугун пешинда Тошкент шаҳридаги "Чиғатой" қабристонига дафн этилган.

«У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, ‘Ёшлик’ журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди», — дейилади таъзияномада.

Шунингдек, Эркин Воҳидовнинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллагани алоҳида қайд қилиб ўтилди.

«Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. », — деб таъкидланади таъзияномада.

Эркин Воҳидов 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995–2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005–2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

«Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — деб хулоса қилади таъзия билдирувчилар.