Ўзбекистон | 22:11 / 01.06.2016
21769
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрида болалар кунида қўғирчоқ театри очилиш маросими бўлиб ўтди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Андижонда қўшалоқ байрам сифатида нишонланди. Бугун шаҳарда болалар учун ажойиб туҳфа сифатида - Болалар вилоят қўғирчоқ театри янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Андижон шаҳри марказида бунёд этилган муҳташам, барча қулайликларга эга театр биноси 300 ўринли бўлиб, келгусида бу иншоот нафақат театр томошалари учун, балки болалар учун тасвирий ва амалий санъат, рақс санъати ва компьютер саводхонлигини ўргатиш мақсадида ҳам фойдаланилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу маданият саройида Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг анъанавий республика фестивали ўтказилади. Мазкур фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, Тошкент шаҳридан ташриф буюрган қўғирчоқ санъати усталарининг энг сара спектаклларини намойиш этилиши кўзда тутилган.  

 Очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ўзбекистонда ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон этиб тарбиялаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида гапириб, андижонликларни янги иншоотни қуриб битирилганлиги билан табриклашди.

Тадбир меҳмонлари Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Мирза Азизов ҳам озод ва обод юртда қад кўтарган яна бир маданий марказ мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг меваси эканини таъкидлашди.

Андижонлик ёш санъаткорлар ва турли вилоятлардан ташриф буюрган қўғирчоқ театрлари вакиллари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Шундан сўнг театр жамоасига иншоотнинг рамзий калити топширилиб, барча меҳмонлар  театрда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

Тадбир иштирокчилари ва болаларга фестивал доирасида Фарғона Давлат қўғирчоқ театри жамоаси томонидан тайёрланган “Самоларда учган аллома” спектакли намойиш этилди. 

 

 

Суратлар ва матн муаллифи - Элмурод Эрматов