Жаҳон | 20:18 / 01.06.2016
7996
3 дақиқада ўқилади

Цинциннати ҳайвонот боғида горилла отиб ташланганига қарши талабномани имзолаганлар сони 300 мингга яқинлашди

Ўтган шанба куни АҚШнинг Цинциннати шаҳридаги (Оҳайо штати) ҳайвонот боғида 4 ёшли болакай тўсиқдан тушиб кетиб, Харамбе лақабли горилланинг қафасига қулаб тушганди.

Харамбе лақабли 17 ёшли горилла болакайни ушлаб олиб, 10 дақиқа давомида уни ўзи билан кўтариб юрган. Ҳайвонот боғи ходимлари бола ҳаёти хавф остида қолгани учун маймунни отиб ўлдиришга қарор қилишган.

Ҳозирда боланинг аҳволи яхши ва у ўз оиласи билан бирга.                                                                                                                                            

Бу воқеа жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Шу куни «Change.org» сайтида фарзандини қаровсиз қолдирган ота-онани жазолашга чақирилган талабнома жойлаштирилди. Ҳозиргача уни 300 мингга яқин киши қўллаб-қувватлади. 

Бу кишилар горилланинг қафасига тушиб кетган боланинг ота-онаси ўз фарзандига тегишлича эътибор бермагани учун жавобгарликка тортилишини талаб этишмоқда.

Улар шунингдек, Харамбе каби гориллалар тури йўқолиб бораётганини таъкидлашмоқда: ғарбий водий гориллаларининг сони сўнгги йигирма йил ичида 60 фоизга камайган.

"Агар ҳеч қандай зарарли иш қилмаган гориллаларни ўлдириш мумкин деб ҳисобланса, у ҳолда бизнинг шаҳримизда маймунлар бўлиши керак эмас", - деб ёзади ўлдирилган гориллага бағишлаб очилган фейсбук саҳифаси фойдаланувчиларидан бири Манвиндер Сингҳ.

Ҳайвонот боғи директори Тейн Мейнарднинг қайд этишича, ходимлар хавф остида қолган болакайни қутқариш учун маймунни отиб ташлаб тўғри иш қилишган.

Бундан олдинроқ, АҚШ президентлиги учун республикачилар партиясидан номзод бўлган Трамп ҳам бу воқеага муносабатини билдирган ва инсон ҳаётини қутқариш учун жониворнинг ўлдирилишини оқлаганди.