Спорт | 07:39 / 08.06.2016
6265
2 дақиқада ўқилади

Ева Карнейро ва "Челси" тинчлик битими тузишди

Лондоннинг "Челси" футбол клубининг собиқ шифокори Ева Карнейро ва клуб ўрталаридаги ўзаро келишмовчиликни тартибга солишди ва суд тафтиши давомида тинчлик битимини тузишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди. 

Карнейро клубни ва жамоанинг собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньони таҳқирлашда айблаб, судга берган. Аввалроқ Карнейро клуб билан келишмовчиликни 1,2 млн фунт стерлинг миқдоридаги товон пули эвазига судгача ҳал қилишга рози бўлмагани маълум қилинганди.

"Челси" Карнейро билан келишувга эришилганини маълум қилишдан мамнун ва вазият шифокорнинг клубдан кетишини тақозо қилганидан афсусда. Расман таъкидлаймиз, шифокор майдонга югуриб чиқиши ўйин қоидаларига ва жамоа шифокори вазифаларига тўлиқ мос келади", дейилмоқда хабарда. Келишув эришилган шартлар ошкор қилинмаган.

Ўз навбатида, Моуриньо Карнейрога клуб шифокори сифатидаги аъло иши учун миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Англиянинг якунланган мавсумининг "Челси" ва "Суонси" ўртасидаги 1-учрашувида Карнейро "Челси"нинг жароҳат олган ўйинчиси Эден Азарга ёрдам бергани майдонга югуриб чиққан. Қоидаларга кўра, шундан кейин футболчи вақтинча майдонни тарк этиши керак бўлган ва бу ҳолда жамоа камчилик бўлиб қоларди. Моуриньо шифокорнинг бу хатти-ҳаракатларидан аччиқланиб, уни танқид қилган ва жамоа билан ишлашдан четлатган эди. Карнейро кейинроқ жамоани буткул тарк этган.