Жамият | 18:31 / 09.06.2016
92823
10 дақиқада ўқилади

Хонанда Руслан Шариповнинг шов-шувга сабаб бўлган суратлари: Ким нима дейди?

Бир пайтлар ижоди гуллаган, қўшиқлари билан кўплаб юракларни забт этган Ўзбекистонда хизмт кўрсатган артист, бастакор, таниқли хонанда Руслан Шарипов ижодни тарк этганига бир неча йил бўлди. Охирги маротаба Дилдора Ниёзова билан биргаликда куйланган “Чилла” дуэти ҳит бўлгач, шахсан Руслан Шарипов томонидан бошқа бирорта қўшиқ тақдим этилмади. Узоқ муддат санъатда кўринмай қолган Руслан Шарипов ҳақида онда-сонда миш-мишлар қулоққа чалинди. Кимдир хонанданинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида гапирса, кимдир унинг чет элга кетиб қолгани, ўша ерда ижод қилаётгани ҳақида айтди. Яна бошқа бировлар... хуллас, ҳаммаси миш-мишнинг ўзи эди. Аммо куни кеча хонанданинг ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари бўйлаб тарқалган бир неча фотосуратлари интернетни ларзага солди.  Руслан Шариповни кўчада тамаки чекиб турган ҳолатида суратга олган “қўшниси” у ҳақидаги фикрларини ёзиб, суратларнинг нафақат ижтимоий тармоқлар, балки айрим сайтлар орқали халққа овоза бўлишига сабабчи бўлди.  

Хусусан, журналист Жасур Ҳамроев ўзининг Facebook`даги саҳифаси ва “Shov-shuv.uz” сайтига хонанда Руслан Шариповнинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган ва сигарет чекаётгани акс этган суратларни жойлаб, ушбу суратларни “Бир пайтлар Юлдуз Усмонова дуэт куйлаб, элга танитган хонанда бу! Танияпсизми?”, дея изоҳлаган.  Бу ҳақда “Darakchi.uz” нашри хабар бермоқда. 

Нашрнинг маълум қилишича, Руслан Шариповнинг мазкур суратлари интернет фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилиниб, ўзини хонанданинг қўшнисиман, деб таништирган интернет фойдаланувчиси Руслан Шарипов ҳақида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Руслан Шариповни кўп кўраман, қўшнимиз. Туманимиз  кўпроқ руслардан иборат, шунинг учун унга кўпчилик аҳамият бермайди, танимайди ҳам. Лекин турмуш ўртоғига қойилман, ҳар сафар Руслан маст ҳолатда бўлса ҳам, кийимлари доим тоза ва жойида”. 

Бунга жавобан яна бир интернет фойдаланувчиси “балки хонандага моддий ёрдам керакдир, уйи қаерда?” деб сўраган.  

Бироқ хонанданинг қўшниси эканлигини айтган Facebook фойдаланувчиси Руслан Шариповнинг моддий ёрдамга муҳтож эмаслигини таъкидлаган. 

Аксарият интернет фойдаланувчилари Руслан Шариповни бундай кўринишда суратга тушириб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатаётганларни қораламоқда, деб ёзади нашр. 

Ушбу хабар юқорида номи келтирилган нашрда чиққанидан сўнг  Руслан Шариповнинг шов-шувга сабаб бўлган суратлари ва унинг остида қолдирилган: “Бир пайтлар Юлдуз Усмонова дуэт куйлаб,  элга танитган хонанда бу! Танияпсизми?” каби  изоҳлар  Жасур Ҳамроевнинг фейсбукдаги саҳифасидан “ўчирилди”... 

Шоу-шув сайтида эса Руслан Шариповнинг тамаки чекиб турган бир дона сурати “No comment” изоҳи билан (кеча қўйилганича) қолди. 

Руслан Шариповнинг суратларини жойлаштирган сайтлар эса актёр Бобур Йўлдошев, Алишер Узоқов, хонанда ва композитор Шаҳноз томонидан танқид қилинди. 

Бобур Йўлдошев уни масхара қилганларни руҳий тасқарага қиёслади

Бобур Йўлдошев инстаграмдаги саҳифаси орқали Руслан Шариповнинг ёшликдаги суратини жойлаштириб, “Хонанда Руслан Шариповнинг ҳаётда яхши инсонлиги, санъатда профессонал санъаткорлиги, умуман, қандай инсон бўлишидан қатъи назар унинг суратларини тарқатиб, устидан ижтимоий тармоқлар орқали масхара қилишлари мумкин эмаслигини ёзган. Шу ўринда сайтларга ҳам “Бу қилмишингиз билан нимага эришдингиз? Нима, унга ёмон бўлишини хоҳладингизми? Бу қилмишинггизсиз ҳам унга осон эмас! Ёки уялтириш орқали унга ёрдам беришни истаяпсизми?”, дея Руслан Шариповнинг суратини жойлаштирганларни руҳан тасқара дея ифодалаган. “Руслан ака, биз сизни яхши кўрамиз ва ҳеч нимага қарамай ҳурмат қиламиз! Биз сиз билан”, дея ўз изоҳини якунлаган.

Актёр томонидан ёзиб қолдирилган фикрларни мухлислар давом эттириб, Руслан Шариповнинг мусиқа соҳасида жуда истеъдодли эканлигини айтган. Баъзи мухлислар эса бир бурчакда туриб, баландпарвоз гапиришлари, аммо оғир аҳволдаги инсонга ёрдам қўлини чўзмасликлари, баъзилар эса Рамазон ойида санъаткорнинг суратини тарқатиб, уни масхара қилганликларини қоралаган. 

Айрим мухлислар Руслан Шариповнинг қаттиқ касалликка чалинганлиги ҳақида “эшитганлиги”ни ёзиб, уни қўллаб-қувватлаб, унинг тезроқ соғайиб кетишини, ижодга қайтишини сўраган. 

Изоҳлар давомида Режиссёр ва клипмейкер  Нозим Толипов ҳам “Руслан Шарипов кучли инсонлигини таъкидлаб, буни исботлаш мақсадида тезроқ ижодга қайтиши”ни сўраган. 

Ана шу изоҳлар қаторида яна бир фейсбук фойдаланувчисининг ёзиб қолдирган фикрлари диққатимизни тортди. 

Фейсбук фойдаланувчиси: “Ким ҳол сўраб қўнғироқ қилди, ким? Сиз жўралари бормисиз?”

.... “2014-2015 мухлислари узоқ-яқин жўралари, санъатда бирга нон бўлишган аранжировкачи, бастакор юлдузлар ким ҳолидан хабар олди? Ичиб ётган вақтида бориб дўппослаб инструментларини олиб кетган, ёнидан ижод қилиб юрадиганлардан бири ТАЛИБ КУЛИЕВдан сўнг Руслан Шариповга ҳатто ибодат ёрдам бермади, деб ёзади Руслан Шариповни яхши билувчи манбалардан бири. 

-2015 йил оқшомида мухлиси, дўсти, жуналист Дилбар Усмонова билан Русланнинг уйида дастурхон безадик. Ким дўстларидан, шогирдларидан ким келди? Ким ҳол сўраб қўнғироқ қилди, ким? Ойисининг кўз ёшларига ким малҳам бўлди? Сиз жўралари бормисиз?”
Ушбу изоҳга Бобур Йўлдошев жавоб ёзмаган.

Бобур Йўлошевнинг постида кўплаб фейсбук фойдаланувичлари томонидан муҳокама давом этиб,  300 га яқин лайк босилган. 

Шаҳноз:  “Уч қизи, бир набирали инсонни рўза кунларида масхара қилиб...”

Композитор, хонанда Шаҳноз эса инстаграмдаги саҳифаси орқали Руслан Шариповнинг ёшлиги, оиласи ва ҳамкасблари билан муҳрланган суратини жойлаштириб, унинг остига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шариповнинг ўзбек эстрадасига жуда катта ҳисса қўшган”лигини айтган. Унинг қадамларини пойлаб суратга олган, уч қизи, бир набирали инсонни рўза кунларида масхара қилиб, суратларини ижтимоий тармоқлар орақали тарқатиб юборган одамни қоралаган. 
Таниқли актёр Алишер Узоқов эса хонанданинг сурати билан биргаликда Юлдуз Усмонова ва Руслан Шариповнинг “Ҳасрат” дуэтини бирлаштириб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирган. Остида эса “ўз ўқувчиларини кўпайтириш мақсадида инсоннинг тушкун ҳолатини халққа кўрсатиб, “пиар” қилишга уринган” сайтларга танбеҳ берган. 

Алишер Узоқов: “Мен хоҳламайман эртага яна бошқа санъаткор шундай ҳолатга тушса...” 

- “Хўўўш... Бугун мен учун жуда таъсирли воқеа юз берди” Ҳақиқатан ҳам таъсир қилди. Мен индамай қараб тура олмадим. Нима ҳақида гапирмоқчи бўлганимни сезгандирсизлар. Санъаткорлар тоифаси жуда кўп. Руслан Шариповни мен олий тоифали санъаткорлар сафига қўшган бўлардим. Мен бу инсон билан кўришмаганман ҳам. Биргина “Ҳасрат” қўшиғи қанча қиммат туради. Инсон ҳаётда ҳар қандай вазиятга тушиши мумкин. Бу нарсани халққа кўрсатиб, бир нечта “ўқувчилари”нинг сонини кўпайтириш мақсади ўринсиз. Мен хоҳламайман эртага яна бошқа санъаткор шундай ҳолатга тушса, худо кўрсатмасин, уни ҳам шундай кўрсатилишини. Шунинг олдини олиш мақсадида ёздим бу гапларни. Санъаткор дўстларим мана шунақа ҳолатлар ҳаётингизда юз бермаслигини тилаб қоламан. Руслан Шарипов сиз зўрсиз!”

Алишер Узоқов шу тарзда ўз изоҳини якунлаган. Айни дамда бу борадаги миш-мишлар ва шов-шувлар давом этмоқда.

Хонанда Отабек Мадраҳимов эса Руслан Шариповнинг шу аҳволга тушишига “Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси”ни айблаган.

Бир оздан сўнг Бобур Йўлдошев жойлаштирган ва муҳокамага тўлган Руслан Шариповнинг сурати остида Али Ниязиметов хонанда Руслан Шарипов билан биргаликда суратга тушиб, ушбу суратни муҳокамалар давомида жойлаштирди. Сурат остига эса: “Руслан Шариповнинг аҳволи яхши. Биз ҳозиргина студиялардан бирида суратга тушдик” дея изоҳ қолдирди.

Бу билан Али Ниязимбетов миш-мишлар ва муҳокамаларга чек қўйишга уринган кўринади. Аммо  улар кийган қишки кийимлардан кўриниб туриптики, бу эски сурат... 

Икки кун ичида тарқалган миш-миш ва шов-шувларни сарҳисоб қилиб, айрим одамларнинг бу қадар қизиққон ва меҳрсиз бўлиб кетганлигидан ҳайратга тушади киши. Бу  шов-шувлардан Руслан Шариповнинг ўзи хабардормикан? Унга қандай таъсир қилдийкан?  

Ҳар ҳолда ҳар бир инсонда кўнгил деган нарса бор.  Аммо нима бўлганда ҳам хонанданинг аҳволи яхши бўлишига биз ҳам умид қиламиз.  Илоҳим шундай бўлсин! Муборак Рамазон ойида яхши ниятлар ва амалар билан, хонанданинг яна ижодга қайтишини, илгаригидек қалбларни энтиктирувчи дилтортар тароналар яратишини кутиб қоламиз. 

Зеро инсон келажаги ва тақдирини ўз қўли билан яратади. Фақат бунга бир оз ҳафсала ва хоҳишгина бўлса бас! 

Моҳичеҳра Эшмирзаева