Спорт | 02:17 / 11.06.2016
10758
3 дақиқада ўқилади

Евро-2016. Франция биринчи ўйинда Руминия устидан ғалаба қозонди

Европа чемпионатининг очилиш ўйинида мезбон Франция Руминияга қарши майдонга тушди ва қийинчилик билан ғалаба қозонди. Учрашув сўнгида Димитри Пайе томонидан урилган гол Францияга ғалаба келтирди. 

Мезбонлар ҳали майдонга мослашиб, руҳий босимдан чиқиб кетмасларидан аввал Руминия ҳужум уюштиришни бошлади ва кетма-кет хавфли вазиятлар яратди.

Кейинчалик Дешам шогирдлари тезда ўзларига келишди ва танаффусга қадар кичик устунликка эга бўлишди. Дастлаб Жиру яқин масофадан бош билан дарвозага аниқ зарба бера олмаган бўлса, Гризманнинг бошда берган зарбасини устун ўзига қабул қилди. 

Иккинчи бўлимнинг дебютини Руминия яна шундай ҳужумкор руҳда бошлади — Станку рақиб жарима майдончаси ичида тўпни кўкраги билан қайтарди, аммо зарба бера олмади. Пайенинг бир-биридан ажойиб узатмалари ниҳоят наф келтирди. Дастлаб Погбанинг кучли зарбасини руминлар посбони қайтарган бўлса, орадан кўп ўтмасдан тўпга эга чиққан Пайе ўнг қанотдан туриб юқорилатиб берган узатмани Жиру бош билан дарвоза тўрига йўллаб, ҳисобни очди.

Орадан кўп ўтмасдан Виктор Кашшаи Франция дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу вазиятда Эвра жарима майдончаси ичида Богдан Станкуни йиқитганди. Жабрланувчининг ўзи зарбани аниқ ижро этди. 

Асосий вақт тугашига 1 дақиқа қолганида Димитри Пайе рақиб жарима майдончаси ташқарисида тўпни қабул қилди ва ҳимоячилар орасида бўлишига қарамай бирданига зарба берди ва Тэтэрушануни ожиз қолдирди - 2:1.

Евро-2016. "А" гуруҳи, 1 тур.

Франция – Руминия 2:1
Голлар: Жиру 58, Станку 65, Пайе 89.
Огоҳлантиришлар: Кирикеш 32, Рац 45, Жиру 69, Попа 78.

Франция –Льорис, Косьельни, Эвра, Санья, Рами, Матюиди, Канте, Пайе (Сиссоко, 90), Погба (Марсьяль, 77), Гризманн (Коман, 66), Жиру.

Руминия – Тэтэрушану, Кирикеш, Рац, Сэпунару, Григоре, Станчу (Кипчу, 72), Хобан, Пинтилий, Попа (Торже, 82), Станку, Андоне (Алибек, 61).

Манба: tribuna.uz