Ўзбекистон | 17:42 / 13.06.2016
26106
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ШҲТ саммити арафасида тўлиқ «ёпилиши» ҳақидаги хабар инкор этилди

Айрим интернет-нашрларининг 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан Тошкентнинг «ёпилиши» ҳақидаги хабарлари дам олиш кунлари энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бўлди.

Шанба куни «Новости Узбекистана» сайти 16 июндан «автомобиль ва темир йўл транспортининг барча турлари» (кейинроқ «республика аҳамиятига молик» қўшимчаси пайдо бўлди) ҳамда «айрим авиаташувчилар» учун (мазкур қисм ўчириб ташланди) шаҳарнинг ёпилиши ҳақида хабар қолдирди.

«Газета.uz» нашрининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбалари амалга оширилаётган хавфсизлик чоралари бундай даражадаги тадбирлар учун стандарт эканини таъкидлади. Шаҳар чегараларида назорат ўтказишнинг кучайтирилиши ва ҳудудлар билан автобус алоқаларининг чекланиши каби чоралар ҳар йили мустақиллик байрами (1 сентябрь) арафасида ҳам кузатилади.

Аввалроқ чиқиб кетган шаҳарликлар пойтахтга муаммосиз киришлари мумкин, фақатгина, эҳтимол, синчковлик билан текширувдан ўтказилганларидан кейин. Шаҳарнинг «ёпилиши» кириш ва чиқишнинг тўлиқ тўсилишини англатмайди, дея қайд этди «Газета.уз» суҳбатдоши.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси матбуот хизматидагилар ҳам саммит ўтказиладиган саналарга белгиланган парвозлар амалга ошиши, айни пайтда чипталар сотилаётганини маълум қилди. Жадвалга киритилган ҳар қандай ўзгариш, агарда бу содир бўлса, авиакомпаниянинг расмий сайтида эълон қилинади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ вакиллари ҳам ШҲТнинг икки кунлик саммити давомида темир йўл алоқасида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаслигини хабар қилди.

Қайд этиш жоизки, авиа- ва темир йўл рейсларидаги тўхталишлар юқори лавозимли шахсларнинг Тошкентга келиши ва ундан кетиши вақтида кузатилиши мумкин, бироқ бу қисқа муддатли характерга эга.