Жаҳон | 08:39 / 13.06.2016
12402
2 дақиқада ўқилади

Трамп Орландодаги терактдан кейин Обамани президентликдан кетишга, Клинтонни эса президентлик пойгасидан чиқишга чақирди

АҚШ президентига номзод Дональд Трамп Орландодаги фожиадан кейин АҚШ президенти Барак Обамага истеъфога кетишни, АҚШ президенти лавозимига курашда асосий рақиби Хиллари Клинтон эса президентлик пойгасидан чиқиши лозимлигини айтди. Миллиардер тегишли баёнотни ўз сайтида жойлаштирди

"Бугун Обама ўз нутқида "радикал ислом" дейишдан шармандаларча бош тортди. Шу сабабгина у истеъфога кетиши керак", деб айтди Трамп. 

Аввалроқ Трамп твиттердаги микроблогида мамлакат раҳбариятини заиф деб танқид қилганди. У, шунингдек, Орландодаги терактни "ҳали бошланиши" деб айтди.

Трамп айнан шу сабабга кўра Клинтонни ҳам танқид қилди.

"Агар Хиллари Клинтон ҳозирда ҳам бу иборани айтишга ўзини мажбур қила олмаса, унда президентлик пойгасидан чиқиши лозим", деб айтди Трамп.

12 июнда Орландодаги тунги клубда содир этилган отишмада 50 киши ҳалок бўлди, 53 киши яраланди. Ҳужумни афғон миллатига мансуб АҚШ фуқароси, 29 ёшли Омар Матин амалга оширган.