Спорт | 16:08 / 14.06.2016
17339
2 дақиқада ўқилади

Россия терма жамоаси Евро-2016 охиригача шартли равишда дисквалификация қилинди

УЕФА Россия терма жамоасига россиялик мухлисларнинг Англияга қарши ўйиндан кейин инглиз мухлислар ўтирган трибунага бостириб киргани бўйича жазо тайинлади. Унга кўра, Россия терма жамоаси шартли равишда турнир охирига қадар дисквалификацияга учраган. Шунингдек, Россия футбол иттифоқига 150 минг евро миқдорида жарима тайинланган.

Эндиликда, россиялик мухлислар томонидан шундай хатти-ҳаракатлар такрорланса, терма жамоа турнирдан четлатилади.

12 июнь куни Россия ва Англия ўртасида Марсель шаҳридаги "Велодром" ўйингоҳидаги учрашув якунлангач, россиялик 30 нафар мухлис стадион ходимлари ҳалқасини ёриб ўтиб, инглизлар трибунасига бостириб кирганди. Улар инглизларнинг байроқларини тортиб олишган ва мушташув уюштирган.

УЕФА бу ҳодиса бўйича интизомий иш очган. Ташкилот россияликларни тартибсизлик уюштиришда, ирқчилик қилишда ва трибуналарда пиротехник воситалардан фойдаланишда айблаган.

Евро-2012 вақтида ҳам махлисларининг ҳаракатлари туфайли жазоланган Россия термасига ўйинларни бўш трибуналарда ўтказиш ва 50 минг евро жарима тўлаш хавфи бор. Шунингдек, яна бир бор ўйинлар вақтида россиялик мухлислар томонидан ирқчилик руҳидаги ҳаракатлар кузатилса, жамоа турнирдан четлатилиши ва очколар олиб ташланиши мумкин.

Англия-Россия ўйинидан кейин трибунадаги мухлислар тўқнашуви видеолари тарқалди

Фотожамланма: Россия — Англия ўйинидан кейин трибунадаги тартибсизликлар

Манба: Tribuna.Uz