Light | 02:12 / 18.06.2016
32468
3 дақиқада ўқилади

Белдаги оғриқни камайтиришнинг 3 хил усули

Бел соҳасидаги оғриқлар деярли ҳаммага таниш, у ҳатто кўпчиликнинг доимий ҳамроҳига айланиб улгурган. Бироқ бу муаммони бартараф этишнинг  йўли бор - унча қийин бўлмаган машқлар ёрдамида, танангизга "қулоқ солиш" ва ўзингизни эҳтиёт қилиш йўли билан. 

1. Микроҳаракатларга асосланган машқлар. 

Бу техниканинг мақсади - бел соҳасидаги  гидратланишнинг нормал даражасини қайта тиклаш. Ёш ўтган сари тўқималар сувсизланади ва бунинг натижасида ёқимсиз ҳис-туйғулар ва оғриқ юзага келади. 

Чалқанчасига ётинг ва тана ҳолатини енгил ўзгартириб, аста-секинлик билан микроҳаракатларни бажаринг. 

Оёқларни навбатма-навбат букиш

Чалқанчасига ётинг, оёқлар букилган, қўллар бошнинг орқасида.  

Чап товонингизни оҳиста тортинг, бир муддат шу ҳолатда қолиб, аввалги ҳолингизга қайтинг ва ўзингизни бўш қўйинг.

Машқни чап оёғингиз билан 5 марта такрорланг, сўнг ўнг оёққа ўтинг.

Бу машқ сиқилган асаб ва қон томирларини бўшаштиради. 

2. Ўз танангизга қулоқ солинг. 

Одамлар кўп иш қилишса-да, кам кузатишади. Ахир айнан мушоҳада юритиш ва медитация жараёни кўп нарсани англаб етишга имкон беради. Бу соматик интеллектни ривожлантириш учун муҳим. 

Спорт билан шуғулланиш вақтида асосий мақсад - соғлиқ эканлигини унутмаслик керак. Бунда биринчи навбатда километрлар, килограммлар ёки дақиқалар эмас, шахсий ҳис-туйғуларни кузатиш зарур. 

Атрофдаги одамларга бир қаранг: жуда кам сонли инсонлар тикка туришади, аксарият кишилар оғир сумка туфайли бир томонга қийшайиб туришади ёки ўй-хаёлга берилиб, елкаларини букиб олишади. 

Бунинг натижасида тана вазни тенг бўлинмайди ва табиийки, белга оғирлик тушади.

Йога усталарининг тажрибасидан фойдаланиб, "тоғ позаси"ни ўзлаштириб олинг. 

Тўғри туринг, оёқларингиз бир-бирига тегиб турсин.

Тиззангизни тўғри тутинг.

Қорнингизни тортинг, бошингиз тепага қарасин.

Тана вазни тенг бўлинишига эътибор беринг.

Қўлларингизни тепага кўтариб, бошингиз устида бирлаштиринг. 

3. "Қанча кўп бўлса, шунча яхши" тамойилини унутинг. 

Умуртқа поғонаси ва думғаза нормаллашмас экан, белдаги муаммолардан қутулиб бўлмайди. Тана билан ишлашда энг муҳим аспектлардан бири - ўз-ўзини назорат қилиш. Ҳар бир машқни бажараётганингизда мукаммал натижаларга дарҳол эришиб бўлмаслигини унутманг. Ижобий натижаларга эришиш учун саксон фоизга ҳаракат қилсангиз, етарли. Кескин ҳаракатлар қилманг. 

"Қанча кўп бўлса, шунча яхши" тамойилини унутинг. Меъёрга риоя қилишни ўрганинг.

Манба: xabardor.uz