Ўзбекистон | 12:19 / 24.06.2016
20957
3 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan автомобилларни сотишнинг ноқонуний тизими мавжуд бўлганини инкор этди

"GM Uzbekistan компанияси томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларни ноқонуний усуллар орқали сотиш тизими мавжудлиги ва компания раҳбариятининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ маълумотлар "ҳақиқатга яқин эмас ҳамда мавжуд вазиятни акс эттирмайди", дейилади компания матбуот хабарномасида. 

«Биз расмий равишда «ЖиЭм Ўзбекистон» АЖнинг раҳбар ходимлари, хусусан, компаниянинг амалдаги раҳбарлари, корхонанинг турли хизматлари ходимлари ҳибсга олингани тўғрисидаги сўнгги кунларда турли матбуот нашрларида эълон қилинган хабарларни инкор этамиз», – деб таъкидлаган компания матбуот хизмати. 

Компания вакиллари, бир қатор хориж ОАВнинг хабарларини инкор этиш баробарида, айнан қайси ОАВ эканига ойдинлик киритмаган. 
Бундан ташқари, Асака шаҳридаги автомобилсозлик заводи фаолияти вақтинча тўхтатилгани тўғрисидаги хабар ҳам асоссиз экани айтилар экан, завод жадвал бўйича ишлаётгани таъкидланган.

ОАВда ички бозорда автомобилларни сотишнинг ноқонуний тартиби мавжуд бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган эди. Унга кўра, дастлаб экспортга чиқарилган автомобиллар маҳаллий бозорга ноқонуний олиб кирилган ва сотилган. Гўё шу мақсадда, қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларида махсус автотураргоҳлар ташкил этилган. 

«Шу билан нафақат «ЖиЭм Ўзбекистон» асоссиз ва далилсиз айбланмоқда, балки Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органлари, хусусан, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ хизмати, чегараларни қўриқлаш Давлат қўмитаси, банклар ва бошқа идоралар ҳам айбланмоқда. Чунки улар ҳам шу каби ноқонуний тизим иштирокчилари бўлиб қолишар эди», – деб ҳисоблашган компания расмийлари.

Қайд этилишича, «экспорт учун декларация қилинган автомобилларни ички бозорда сотиш бўйича сохта тизимлар бўлиши назарий ва амалий жиҳатдан ҳам мумкин эмас». «Бундан ташқари, бу каби ишларни амалга ошириш қўшни давлатларнинг ҳам давлат органларини жалб этишни тақазо этган бўлар эди».