Фан-техника | 15:16 / 25.06.2016
6875
2 дақиқада ўқилади

Boston Dynamics компанияси хизматкор робот-SpotMini’ни яратди

Boston Dynamics муҳандислик компанияси робот техникасига ихтисослаштирилган навбатаги янгилик - SpotMini яратди. Ушбу SpotMini ташқи кўриниши жиҳатидан ҳайвонларни эслатиб, кўпроқ итга, жирафага ўхшашлиги билан ажралиб туради.

Аммо у шунчаки уй ҳайвонларини эслатувчи оддий робот бўлиб қолмай, хонадонингиздаги айрим уй-рўзғор ишларини мустақил равишда бажарувчи хизматкор ҳамдир.

SpotMini ўзининг бўйин-манипулятори орқали исталган уй рўзғор анжомини жойидан қўзғатиб, бошқа бир объектга кўчириб қўя олади. Масалан, ифлос шиша идишни ювгич машинасига солиб қўйиши мумкин ёки аксинча.

Юмшоқ дивандан туришга эринган пайтларингизда, лимонад идишини олиб бериб,  сизга ўзини яхши хизматкор сифатида намоён қилиши мумкин. 

SpotMini сенсорга хос бўлган кўплаб хусусиятларни ўз ичига олиб, ҳисоблагич, камерадан иборат. Бу эса унга ҳаракатланиш мумкин бўлган майдонни аниқ белгилаб олишига ёрдам беради. 

Манипулятор — робот бўйни — уч ўлчовли гироскоп билан жиҳозланган бўлиб, SpotMini’нинг  бошини тана ҳаракати бўйлаб бир маромда тутиб тура олади. Аммо шуни айтиш лозимки, худди бошқа роботлар сингари SpotMini ҳам йиқилиб тушиш хавфидан ҳимояланмаган. Бироқ сирғанчиқ пол ёки ерда ётган банан пўчоқлари эса робот учун муаммо эмас.

Йиқилишидан аввал у ўзини қутқаришга киришади ва зудлик билан ўзидаги мужассам бўлган ҳимоя дастурини ишга солади. 

Шунингдек, зиналар бўйлаб кўтарилиш ҳам SpotMini учун муаммо эмас. SpotMini’нинг ҳаракатланиши учун кетадиган қувват эса ярим соатга етади.

Бу вақт давомида сиз робот билан ўйнаш ёки уйингиздаги муҳим юмушларни унга бажартиришингиз мумкин.