Жамият | 13:56 / 25.06.2016
11665
2 дақиқада ўқилади

Чақалоқ 5 минг АҚШ долларига пулланди. Аммо...

Пойтахтимизда бировнинг уйида яшаётган (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Муниса Тўхтаеванинг чақалоқ сотиш фикри тезда кўчага тарқалди. Дарров бола олувчи ҳам топилди. Аввалига иккиланиб турган Муниса кўп ўтмай розилик билдирди. Чақалоқ савдосини эса бир эмас, тўрт нафар кимса ҳал қилди. Боиси, ушбу кимсаларнинг барчаси норасида ортидан келадиган пулга кўз тикишганди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Лобар Ҳусанова чорасиз қолган аёлга уйидан жой бергани учун пул талаб қилган бўлса, Наима Юнусова, Жамшид Муродов ҳамда Умар Турсуновлар болага харидор топиб, ўртада воситачилик қилганликлари учун мўмай даромадни мақсад қилишди.

Ўтган йилнинг апрель ойларида болани фуқаро Марина Садирова сотиб оладиган бўлди. “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир”, тўртовлон қизалоқни 5 минг АҚШ долларига баҳолашди. М.Садирова бу нархга кўнди, лекин ушбу кимсаларнинг ноқонуний ишлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берди.

Келишилган жойда 5 минг АҚШ долларини олган воситачилар чақалоқни “эгаси”га топширишди.  Бу “савдо”ни жуда тез ва силлиққина битирдик, деб ўйлаб хурсанд бўлган олғирлар чучварани хом санаган эди...

Бир норасида гўдакни сотиб, мўмай даромад хаёли билан кўчага шошаётган мазкур кимсалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олиниб, айбдорларга нисбатан одил суд томонидан тегишли жазо тайинланди.

Мавзуга оид