Жаҳон | 00:10 / 25.06.2016
8767
2 дақиқада ўқилади

Порошенко: ҳарбий авиациямиз исталган зўравонга муносиб жавоб беришга қодир бўлган куч бўлиши керак

Украина президенти Пётр Порошенко Харьков ҳаво кучлари университетида нутқ сўзлаб, ҳарбийларга Россияни "босиб туришга" тайёрланишни буюрди. Бу ҳақда Порошенконинг расмий сайтида маълум қилинди.

"Бизнинг ҳарбий авиация ўз вазифаси, ўт очиш қудрати ва жанговор қўлланиш узоқлигига кўра, мудофаанинг бошқа таркибий қисмлари билан бирга Россиянинг тажовузкор амбицияларини босиб туришни таъминлайдиган, исталган зўравонга муносиб жавоб беришга қодир бўлган куч бўлиши керак", деб айтди Порошенко.

Порошенко 2016 йилда Украина авиациясини модернизация қилиш учун 2,5 млрд гривен (100 млн долларга яқин) ажратилганини маълум қилди. Бу маблағлар самолёт ва вертолётларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун сарфланиши керак.

Аввалроқ Порошенко бир неча маротаба Украина армиясининг қудрати ҳақида айтиб ўтганди. Унинг айтишича, Украина армияси қитъадаги энг катта  армияни тўхтатиб, Донбасснинг учдан икки қисмини қайтара олган. Россия Давлат думасида бундай сўзлар Порошенконинг сиёсатда муваффақиятлари йўқлигини қоплашга қаратилгани айтилган.